Мамлакатда халқ фаровонлигини таъминлаш, муносиб иш ўринларини яратиш, иқтисодий барқарорликни таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, инвестициявий жозибадорликни янада ошириш мақсадида мамлакат тарихида илк марта Тошкент халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтди.
Форум «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» Давлат дастурининг 112-банди ижросини таъминлашга қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Унда Тошкент шаҳрида 2022 йилдан бошлаб ҳар йили Тошкент халқаро инвестиция форумини ўтказиб боришга оид вазифалар белгиланган. 2022 йилнинг 24-26 март кунлари бўлиб ўтган ушбу форум халқаро аҳамиятга молик бўлди.
Форумдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон бозорида ўз фаолиятини кенгайтиришдан манфаатдор бўлган хорижий инвесторлар, молия-иқтисодий ташкилотларни, иқтисодиёт драйверлари ҳисобланган энергетика, машинасозлик, электротехника, ахборот технологиялари, тўқимачилик, қишлоқ ҳўжалиги ва озиқ-овқат саноати, қурилиш соҳалари ҳамда ҳудудларга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишни кенгайтиришдан иборат.
Форумнинг ялпи мажлисида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди. Президент форумда иқтисодий соҳада амалга ошириладиган асосий йўналишларига тўхталди ҳамда “Инсон қадри учун” ғоясини ҳаётга татбиқ этишни кўзда тутадиган мамлакатни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.
Жумладан, мамлакатда иқтисодий ва сиёсий барқарорликни таъминлаш, давлатнинг иқтисодиётдаги ролини қисқартириш, инфратузилмаларни ривожлантириш, иқтисодиётни саноатлаштириш ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни ишлаб чиқариш, инсон капиталига инвестиция киритиш, ташқи савдони янада эркинлаштириш, экспорт ва импортга қулайликлар яратиш, инвестициявий жозибадорликни ошириш ва бизнес муҳитини яхшилаш йўналишлари санаб ўтилди. Албатта, ушбу йўналишлар ҳозирги глобаллашув даврида долзарблиги билан аҳамиятли. Шундай экан, мазкур энг муҳим йўналишлар Тошкент халқаро инвестиция форумида алоҳида қайд этиб ўтилгани бежиз эмас, албатта.
Ўз навбатида, давлатимиз раҳбари хусусийлаштиришга ҳам тўхталиб ўтди. 2026 йилга қадар эксклюзив ҳуқуқларни бекор қилиш ва давлат корхоналарини хусусийлаштириш ҳисобидан 25 дан ортиқ фаолият турлари бўйича монополияларнинг тугатилиши, тижорат банкларида трансформация жараёнлари давом эттирилиб, банк активларида хусусий секторнинг улуши 60 фоизга етказилиши, давлат иштирокидаги корхоналар сони камида 3 баробар қисқартирилиши таъкидланди.
Шу билан бирга, хорижий инвесторлар билан биргаликда давлат-хусусий шериклик механизмини жорий этган ҳолда, энергетика, транспорт, соғлиқни сақлаш, таълим, инфратузилмани ривожлантириш ва йўл қурилиши соҳаларида умумий қиймати 15 миллиард долларлик 200 дан ортиқ лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилаётганлиги ҳамда иқтисодиёт эҳтиёжлари учун IT ва муҳандислик йўналишларини ривожлантириш лозимлиги қайд этилди.
Энг муҳими, 280 миллион истеъмолчиси бўлган минтақавий бозорларга чиқиш имконияти ҳамда Европа Иттифоқининг кенгайтирилган преференциялар тизими “GSP +” доирасида Ўзбекистондан 6 мингдан ортиқ маҳсулот турларини Европа бозорига имтиёзли шартларда экспорт қилиш мумкинлиги ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Трансафғон темир йўли орқали Жанубий Осиёга, “Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” темир йўли орқали Осиё–тинч океани минтақасига, шунингдек, Жанубий Кавказни кесиб ўтадиган мультимодал транспорт коридори орқали Европа мамлакатларига етказиш учун имкониятлар яратилаётганлиги инвесторларнинг қизиқишига олиб келади десак, ҳеч ҳам муболаға бўлмайди. Ушбу лойиҳалар амалга оширилиши натижасида мамлакатда инвестиция жозибадорлиги ошиши ҳамда арзон таранспорт йўлларининг яратилишига ва янги бозорларга чиқишига олиб келади.
Умуман олганда, амалга ошириладиган ислоҳотлар натижасида келгуси 5 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажмини 100 миллиард долларга, йиллик экспорт ҳажмини эса 30 миллиард долларга етказиш кўзда тутилганлиги ҳамда хусусий секторнинг ЯИМдаги улуши 80 фоизга етказишга оид саъй-ҳаракатлар мамлакатнинг иқтисодий қудратини оширишга хизмат қилади.
Президент Шавкат Мирзиёев инвесторлар учун энг қулай ва жозибадор шароитларни яратиш, хорижий ҳамкор ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро манфаатли шерикликни ҳар томонлама мустаҳкамлаш борасидаги ишлар қатъий давом эттирилишини алоҳида қайд этиб ўтди. Шунингдек, хорижий инвесторлар мамлакатда муваффақиятли фаолият олиб боришини таъминлаш – Ўзбекистон Президенти ва Ҳукумати томонидан кафолатланишига алоҳида урғу бериб ўтилганлиги барча инвесторларга маъқул бўлди, десак ҳеч ҳам муболаға бўлмайди.
Форумда халқаро молиявий институт ва ташкилотлари раҳбарлари Ўзбекистоннинг ривожланиш истиқболлари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Форум доирасида умумий қиймати 7 миллиард 833 миллион долларлик 164 та шартнома имзоланди. Келишувларнинг 97 таси инвестициявий, 67 таси савдо битимини ўз ичига олади. Хорижий инвесторлар, йирик хорижий компаниялар, вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий корхоналар ўртасида тузилган ушбу шартномалар орқали мамлакатимиз тараққиётига хизмат қиладиган қатор лойиҳалар амалга оширилади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, инвестициявий жозибадорликнинг ошиши мамлакатда янги корхоналар ташкил этилишига олиб келади, бунинг натижасида янги иш ўринлари яратилиб халқ фаровонлиги таъминланади.
Искандар ЎРОҚБОЕВ,
“Тараққиёт стратегияси” Маркази
бош мутахассиси.
ЎзА