Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити билан боғлиқ жараёнлар оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди. Журналистлар муҳим тадбирнинг барча жиҳатларига эътибор қаратди.
Хусусан, “Самарқанд” халқаро аэропорти фаолияти ҳақида ҳам қатор материаллар эълон қилинди. Бугун шу мавзуга яна мурожаат қиляпмиз. Саммит муносабати билан ушбу аэропорт икки кунда хориждан 13 давлат ва ҳукумат раҳбарлари ҳаво кемаларини қабул қилди. Бу дунёдаги йирик аэропортлар тарихида ҳам жуда кам кузатиладиган ҳолат.
Қуйида Самарқандга қўнган биринчи рақамли 13 та бортнинг суратлари, уларнинг баъзилари ҳақидаги айрим маълумотларни эълон қиламиз.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида қатнашиш учун дастлаб Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсухнинг самолёти – Boeing 737-800 (JU-1088) Самарқандга келди.
Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий ҳам 14 сентябрь куни расмий ташриф билан мамлакатимизга келди. У Airbus A340-300 (EP-IGA) хизматидан фойдаланди.
Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг самолёти Самарқанд халқаро аэропортига қўнди. Президент ушбу ташрифда (“Air Kyrgyzstan” авиакомпанияси) Ту-154М (EX-00001) самолётидан фойдаланди.
Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин Boeing 747-8 (B-2482) бортида давлат ташрифи билан Самарқандга келди.
Тожикистон Президенти ШҲТ саммитида қатнашиш учун 737-8GL, EY-777 самолётида келди.
ШҲТ саммитига фахрий меҳмон сифатида таклиф этилган Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов Boeing 777-200(LR), EZ-A780 самолётидан фойдаланди. Ушбу ҳаво кемаси узоқ масофаларга учишга мўлжаллангани билан ажралиб туради. У дунёдаги деярли ҳар қандай икки аэропортни боғлай олиши ҳақида маълумотлар келтирилади.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд шаҳридаги саммити доирасида ташриф билан мамлакатимизга келган Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин RA-96022 (ИЛ-96) бортидан фойдаланди.
Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф Самарқанд саммити тадбирларида қатнашиш учун (Pakistan Air Force) J-756 самолётда келди.
Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Самарқандга мамлакат ҳаво йўлларининг Airbus A340-600 (4K-AI08) самолётида ташриф буюрди.
Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг Самарқанддаги мажлисида қатнашиш учун 15 сентябрь куни ушбу (EW–001PB) самолётда келди.
Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған Ўзбекистонга 747-8ZV(BBJ) самолётида ташриф буюрди. Маълумотларга кўра, ушбу ҳаво кемаси 400 нафар йўловчига хизмат қила олади, лекин у ҳозирги тайёр ҳолатида 76 нафар йўловчига мўлжалланган.
Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Самарқандга ушбу Airbus A330-200 / UP-A3001 самолётида келди.
Самарқандга таклиф этилганлар орасида энг охирида келган Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди Boeing 777-300(ER) самолётидан фойдаланди.
Икром Аввалбоев, ЎзА
Аъло Абдуллаев ва Отабек Мирсагатов олган суратлар.