Биргина SMS-код билан пул ўғирлаш энди осон эмас
Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида ўтказилган брифингда Марказий банк “CERT-CBU” киберхавфсизлик маркази директорининг ўринбосари Беҳзод Мамажонов банк карталари ва мобил иловалар орқали содир этиладиган фирибгарликларнинг олдини олиш, фуқаролар маблағларини ҳимоя қилиш ҳамда шубҳали операцияларни аниқлаш бўйича жорий этилган механизмлар ҳақида маълумот берди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда молиявий хизматларнинг рақамлашиб бориши билан бир қаторда интернет орқали содир этиладиган фирибгарлик ҳолатлари ҳам долзарблигича қолмоқда. Шу боис Марказий банк томонидан тижорат банклари ва тўлов ташкилотларида киберхавфларни аниқлаш, шубҳали операцияларни чеклаш ва молиявий ташкилотлар ўртасида тезкор ахборот алмашинувини таъминлашга қаратилган бир қатор ҳимоя тизимлари жорий этилган.
Жумладан, “Session Antifraud” механизми фойдаланувчиларнинг мобил иловадаги ҳаракатларини таҳлил қилиб, шубҳали ёки юқори хавфли ҳолатларни аниқлайди. Агар хавф аниқланса, фойдаланувчи огоҳлантирилади, зарур ҳолларда эса мобил илова аккаунти вақтинча чекланиши мумкин. “Tranzaksion Antifraud” тизими ҳам амалга оширилаётган пул ўтказмаларини таҳлил қилади ва шубҳали деб топилган операцияларни чеклаш имконини беради.
Фирибгарликнинг олдини олишда “Telekom Antifraud” механизми ҳам муҳим аҳамиятга эга. У банк картасини расмийлаштиришда кўрсатилган шахснинг ЖШШИР маълумотларини SIM-карта расмийлаштирилган шахснинг маълумотлари билан солиштиради. Бу эса қўшимча хавфсизлик текширувини таъминлайди.
Шунинг учун фирибгар бир марталик SMS ёки OTP-кодни қўлга киритган тақдирда ҳам, бунинг ўзи пул ўтказмасини амалга ошириш учун етарли бўлмаслиги мумкин. Қўшимча текширувлар шубҳали операцияни аниқлаш ва унинг олдини олишга ёрдам беради.
Банклар ва тўлов ташкилотларининг мобил иловаларида зарарли дастурларни аниқлашга мўлжалланган SDK модулли антивирус ҳимояси ҳам жорий қилинган. Агар фойдаланувчи телефонга расмий бўлмаган манбадан зарарли APK-файл ўрнатса, тизим бу хавфни аниқлаб, уни огоҳлантириши ва зарур ҳолларда айрим операцияларни вақтинча чеклаши мумкин. Хавф бартараф этилгандан сўнг мобил иловадан фойдаланиш тикланади.
Марказий банк ва Ички ишлар вазирлиги ўртасида ахборот алмашинувини таъминловчи “CardBlock” тизими фирибгарлик ҳолатларига тезкор чора кўришга хизмат қилади. Фуқаро фирибгарликка дуч келиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилганида, тегишли маълумотлар тизимга киритилади. Бу шубҳали карталар ва улар билан боғлиқ маблағлар бўйича зарур чораларни тезкор кўриш имконини беради.
Беҳзод Мамажоновнинг сўзларига кўра, “InfoCards” платформаси орқали блокланган банк карталари, фирибгарликда фойдаланилган карталар ва фирибгарлик таъсирида расмийлаштирилган онлайн кредитлар ҳақидаги маълумотлар юритилади. MISP платформаси эса молиявий ташкилотлар ўртасида киберхавфлар ва киберҳужумлар ҳақидаги маълумотларни тезкор алмашиш имконини беради. Бу бошқа банкларни янги таҳдидлар ҳақида огоҳлантириш ва ҳимоя чораларини кучайтиришга ёрдам беради.
–2026 йилнинг биринчи ярмида “Session Antifraud” тизими орқали бир қатор тижорат банкларида юқори хавфли деб баҳоланган сессиялар аниқланган. Жумладан, Халқ банкида 2 221 403 та ҳолатда 186,7 миллиард сўмлик, TBC Bankда 93 215 та ҳолатда 175,5 миллиард сўмлик, Uzum Bankда 18 022 та ҳолатда 68,1 миллиард сўмлик юқори хавфли сессиялар қайд этилган. Ипак Йўли Банкда эса 1 364 136 та шундай ҳолат аниқланган.
Антивирус ҳимояси орқали ҳам кўплаб аккаунтлар чекланган ва зарарли дастурлар билан боғлиқ хавфларни бартараф этиш чоралари кўрилган. Масалан, Ипак Йўли Банкда 991 179 та аккаунт чекланган ва 57 326 таси тозаланган. “Agrobank”да 55 955 та аккаунт чекланган, 30 997 таси тозаланган. TBC Bankда эса 29 154 та аккаунт чекланган ва 18 181 таси тозаланган.
Қайд этилган кўрсаткичлар тизимлар орқали аниқланган хавфли ҳолатлар ва кўрилган чораларни ифодалайди. Улар ўз-ўзидан шунча миқдордаги маблағ ўғирланишининг олди олинганини англатмайди, –деди у.
Умуман олганда, молиявий секторда жорий этилаётган киберхавфсизлик механизмлари шубҳали операцияларни барвақт аниқлаш, фуқаролар маблағларини ҳимоя қилиш ва фирибгарлик ҳолатларининг олдини олишга қаратилган. Шу билан бирга, рақамли хизматлардан фойдаланишда фуқароларнинг шахсий эҳтиёткорлиги ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА