Биргаликда биз кучмиз
Андижонда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси вилоят кенгаши томонидан “O’zLiDeP 17 ёшда: биргаликда биз кучмиз!” шиори остида байрам тадбири бўлиб ўтди.
Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси масъуллари, депутатлар, бошланғич партия ташкилотлари раислари, партия аъзоси бўлган меҳнат фахрийлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда ўтган 17 йил давомида O’zLiDeP мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида, фуқаролик жамиятини шакллантириш, юртимиз тараққиётини янада юқори даражага кўтариш, кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш жараёнларида фаол қатнашиб келаётганлиги алоҳида таъкидланди.
Тадбирда сўз олган партия вилоят кенгаши раиси Хуршидахон Халилова ва бошқалар партиянинг дастурий мақсадларидан келиб чиқадиган вазифалар ижроси, эришилган ютуқлар, айниқса, партия электорати манфаатларини ҳимоя қилиш, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида партия томонидан амалга оширлган ибратли ишлар хусусида гапирди.
Тадбир давомида партия фаоллари ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакиллари “Энг фаол бошланғич партия ташкилоти”, “Энг фаол депутат”, “Энг фаол партия ходими”, “Ёшлар қанотининг энг фаол аъзоси”, “Партия фаолиятини ёритишда энг фаол ОАВ” каби қатор номинациялар бўйича партия вилоят Кенгашининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

– Ўтган йили бўлиб ўтган сайловда халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлигига сайландим, – дейди шаҳрихонлик Мансурбек Мамаюсупов. – Депутат сифатида сайловчиларимиз, электоратимиз манфаатларини ҳимоя қилиш борасида астойдил иш олиб боришга ҳаракат қиляпман.
Бугунги байрам тадбирида ана шу меҳнатларим эътироф этилиб, “Энг фаол депутат” номинацияси бўйича тақдирланганимдан беҳад хурсандман. Ушбу рағбат менга куч, шижоат бағишлайди. Фаолиятимни янада самарали олиб боришга ундайди.
Тадбирдан сўнг депутат ва тадбиркорлар партия ташаббуси билан бошланган “17 йилликка 17 мингта хонадонга меҳр-саҳоват” лойиҳаси ижроси доирасида саховат тадбирларини ўтказиш ҳамда аҳолини қийнаётган муаммоларни ҳал этишга кўмаклашиш учун туман ва шаҳарларга йўл олди.
Халқ депутатлари Марҳамат туман кенгашидаги O’zLiDeP депутатлари маҳаллаларда ечимини кутиб турган муаммоларни имкон қадар ҳал этилишига кўмаклашди.
Бахтиёр Ўринбоев Ўқчи маҳалласида истиқомат қилади. Асосан мавсумий ишлар билан банд. Маҳалла фуқаролар йиғинида кам таъминланган оилалар рўйхатида туради. Совуқ кунлар бошланиши билан ёш болалари борлиги учун уйни истиш муаммоси уни анча қийнаб қўйди. Чунки кўмир сотиб олишга моддий имкони етарли эмасди. O’zLiDeP депутатлари кўмаги билан Б. Ўринбоев хонадонига кўмир олиб келиб берилди.
Андижон туманининг Султонобод маҳалласига намунали уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилганига анча вақт бўлди. Барча қулайликлар яратилган, аммо 220 та замонавий уйлар барпо этилган мазкур кўчада бирорта ҳам ахлат тўкиш жойи йўқ. Маҳалла аҳлининг бу борада бир неча бор қилинган мурожаатлари афсуски, мутасаддилар томонидан эътиборсиз қолдирилаётган эди.

Халқ депутатлари Андижон туман кенгаши депутати Шуҳратбек Бозоров маҳалла фуқаролар йиғини раиси, туман “Тоза ҳудуд” бўлими масъуллари билан ҳамкорликда мазкур муаммони ҳал этди. Маҳалла ҳудудида чиқинди тўкадиган махсус жой ҳозирланди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА