Бирдамлик, масъулият ва тайёргарлик
Сирдарё вилоятида “Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизимининг Сирдарё вилояти ҳудудий қуйи тизими бошқарув органлари, фавқулодда вазиятларни бартараф этиш куч ҳамда воситаларининг аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишдаги ҳаракатлари” мавзусида қўмондонлик-штаб ўқув машқи ташкил этилди.
Мазкур машқнинг асосий мақсади – аҳолини ва фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилувчи идора ва ташкилотларнинг тажрибасини ошириш, хавфли ҳолатлар юз берганда уларнинг ҳамкорликда тезкор, мувофиқлаштирилган ва аниқ ҳаракат қила олиш қобилиятини синовдан ўтказишдан иборат.
– Уч кун давом этган машқлар жараёни 13 та ўқув нуқталарини қамраб олган ҳолда амалга оширилди. Фавқулодда вазиятлар давлат қуйи тизими хизматларининг турли корхона ва идоралар билан ўзаро ҳамкорлиги, куч ва воситаларнинг самарадорлиги, ҳодисалар оқибатини бартараф этишдаги қобилиятлари таҳлил қилинди, – дейди Сирдарё вилояти ФВБ бошлиғи ўринбосари Асрор Газихожоев.
Ўқув машқлари доирасида турли сценарийлар асосида амалий ҳаракатлар қўлланилди. Гулистон шаҳрида фавқулодда ҳолат юзасидан “Ўзбектелеком” АК орқали Сирдарё вилояти бошқарув органлари, тиббий ва қутқарув хизмати, тез ёрдам ҳамда бошқа тизимларга ахборот етказиш тартиби синовдан ўтказилди.
[gallery-24417]
Мирзаобод туманидаги “Наврўз” маҳалласида эса вилоят бошқарув органлари ва ФВДқТ хизматлари раҳбарлари иштирокида фавқулодда вазиятга оид тезкор штаб йиғилиши ташкил этилди. Шунингдек, вилоят механизациялашган ишлар йиғма жамоаси ва турли хизматларнинг куч ва воситалари саф кўриги ўтказилди. Табиий хусусиятга эга фавқулодда вазият – зилзила оқибатида биринчи тиббий ёрдам отрядининг ҳаракатларини қамраб олган махсус-тактик машқ амалга оширилди.
Ўқув машқларининг яна бир муҳим қисми Ховос туманининг “Тинчлик” маҳалласидаги Ховос темир йўл станциясида ташкил этилди. Бу ерда зилзила оқибатида юзага келган техноген ҳолатлар – ёнғин ва кучли таъсир этувчи заҳарли моддаларнинг (КТЗМ) тўкилиши каби фавқулодда ҳолатларни бартараф этиш, аҳолини темир йўл ва автобуслар орқали хавфсиз ҳудудга кўчириш бўйича комплекс машқлар ўтказилди.
Шунингдек, Ховос туманидаги Транспорт коллежида “Эвакуация қабул қилиш пунктини ташкил этиш” мавзусида махсус-тактик машқ ўтказилди. Эвакуация қилинган аҳолини қабул қилиш, уларни рўйхатдан ўтказиш, вақтинчалик жойлаштириш ва ижтимоий хизматлар билан таъминлаш бўйича вазифалар амалда кўрсатиб берилди.
Машқлар давомида реал воқеликка яқин шартли вазиятлар яратилди. Барча хизматлар ўзаро мувофиқлашган ҳолда ҳаракат қилиб, фавқулодда вазиятдаги жавобгарлик, жипслик ва тезкорликни намоён этди. Тиббиёт хизматлари ўқув-машқлар жараёнида марказий ўринни эгаллади. “Жабрланувчилар”га шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш, уларни эвакуация қилиш ва даволаш муассасаларига етказиш ишлари юксак савияда бажарилди. Тез ёрдам жамоалари воқеа жойига ўз вақтида етиб бориб, зарур тиббий ёрдамни тақдим этишда фаол иштирок этди.
Коммунал хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар — сув таъминоти, электр энергияси, табиий газ ва канализация тизимлари бўйича хавфли нуқталарда шошилинч бартараф этиш ишларига шай эканликларини амалда исботлашди. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими мутахассислари эса аҳолини зарарли омиллардан ҳимоя қилиш, эпидемик хавфларни аниқлаш ва зарарсизлантириш бўйича амалий ҳаракатларни намоён этди.
– Ветеринария ва карантин хизмати мутахассислари ҳайвонлар орқали юқиши мумкин бўлган касалликлар хавфини бартараф этиш, зарарланган ҳудудларни изоляция қилиш ва назоратга олиш каби вазифаларни амалга оширди, – дейди вилоят ФВБ ахборот хизмати раҳбари Давронбек Сулаймонов.
Шартли вазиятларда ҳокимликлар, ички ишлар органлари, Мудофаа, тиббиёт, қутқарув ва бошқа тегишли идоралар биргаликда ҳаракат қилиб, хавфсизликни таъминлашда ўз ҳиссаларини қўшди. Бу каби машқлар нафақат ходимларнинг касбий тайёргарлигини ошириш, балки бутун жамият хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади. Бирдамлик, масъулият ва тайёргарлик – бугунги машқларнинг асосий шиори бўлди.
Ғулом Примов, Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат-видео) ЎзА мухбирлари