Бир жойда – минг оила иссиқхонаси
ФОТОРEПОРТАЖ
Наманган вилояти Чортоқ тумани Баланд адир даштликларидаги 36 гектар майдонда ҳар бири 2 сотихли 1000 та иссиқхона барпо этилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг топшириғи асосида вилоят ҳокимлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилаётган мазкур «Бир жойда – минг оила иссиқхонаси» лойиҳаси ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз, кам таъминланган, камбағал оилалар бандлигини таъминлаш мақсадига қаратилган.
Ҳозирга қадар 800 та иссиқхона фойдаланишга топширилди. Уларда йилига 7 минг тонна сабзавот маҳсулотлари етиштириш мумкин. Эътиборлиси, маҳсулотни етиштиришда кўчат, сув, минерал ўғит ҳамда бозор таъминоти етакчи тадбиркор томонидан кафолатланади.
Лойиҳа асосида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ушбу ҳудуддаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз, кам таъминланган, камбағал оилалар аъзоларини қишлоқ хўжалиги касбларига ўқитиш учун Агробизнес ўқув мономарказини ташкил этди. Марказда ишсиз фуқаролар лимончилик, қуёнчилик, асаларичилик, балиқчилик, чорвачилик каби йўналишларда касб сирларини ўрганади.



