Бир йилда юзта лойиҳа
Шунингдек, қиймати 146,2 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этилган 90 лойиҳа якунланди.
Импортни оптималлаштириш ҳисобига жорий йилда “Ўзчармсаноат”да ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражаси сунъий чарм бўйича 100 фоизга, пойабзал тагликлари бўйича 92 фоизга, спорт анжомлари бўйича 84 фоизга, спорт сумкалари бўйича 78 фоизга етказилади.
Шунингдек, “Ўзчармсаноат” уюшмаси Қозоғистон, Туркия ва Озарбайжон давлатларида ваколатхоналар, савдо уйлари очиш орқали юртимиздаги юзга яқин янги корхонани экспорт фаолиятига жалб этмоқчи.
Бу ҳақида “Енгил саноатни янада ривожлантириш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги матбуот анжуманида маълум қилинди.
Унда ўтган йилда 2018 йилга нисбатан 1,4 марта кўпроқ саноат маҳсулотлари, жумладан 86,1 миллион жуфт пойабзал, 60 миллиард сўмлик чарм-атторлик буюмлари ишлаб чиқарилгани қайд этилди.

Шунингдек, қиймати 146,2 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этилган 90 лойиҳа якунланди. Мисол учун, Тошкент шаҳридаги корхонада амалга оширилган лойиҳа туфайли йилига 20 минг тонна полиуретан хом ашёси ишлаб чиқариш қувватига эришилди.
Уюшма маҳаллий инвесторлар билан ҳамкорликда 2020-2022 йилларда қиймати 421,0 миллион долларлик, шундан 196, 8 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни режалаштирмоқда. Натижада 2020 йилда 7500, 2020-2022 йилларда эса 21000 янги иш ўрни яратилади.
Тадбирда янги лойиҳалар асосан юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилгани, бу эса 360,0 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришда қўл келиши айтилди.