Бир йилда – 600 миллион сўмлик маҳсулот
Фарғона вилояти Қўштепа тумани “Сармозор” маҳалла фуқаролар йиғинида миллий ҳунармандчилигимизнинг қадимий ва ноёб турларидан бўлган эгарсозлик билан шуғулланадиган усталар сони анча-мунча. Ўктам Ҳамрохўжаев улардан бири.
Ў. Ҳамрохўжаев сулоласи анъанасини давом эттирган ҳолда 24 йилдан буён шу ҳунари ортидан ҳам рўзғор тебратиб, ҳам кўплаб ёшларга устозлик қилиб келмоқда.
– Бугунги кунда ўндан ортиқ от анжомларини ясаймиз, – дейди Ўктам Ҳамрохўжаев. – Йигирмадан зиёд шогирдларим бор. Бу касб бошқа ҳунарларга ўхшаб бозоргир эмас. Эгар пишиқ ясалса, ундан бир умр фойдаланиши мумкин. Аммо ҳар бир отнинг гавда тузилишига мос бўлиши учун кўпчилик янги от сотиб олганда ёки қадим халқ ўйинларидан бўлган кўпкари мусобақаларида янги анжомларга буюртма беради. Ҳар бир буюртмани сидқидилдан бажариб, мустаҳкам эгар-жабдуқлар ясаб берамиз. Бундан ташқари этикдўзликни ҳам йўлга қўйганмиз. Бир йилда ўртача 600 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарамиз.
[gallery-18278]
Қаҳрамонимиз маҳсулотларига қўшни Қозоғистон, Тожикистон ҳамда Қирғизистон Республикаларидан ҳам буюртмалар келиб туради.
– Ўктам акага шогирд тушганимга эндигина бир йил бўлди, – дейди Мурод Юсупов. – Этикдўзлик сирларини ўрганяпман. Бу ерда ҳар бир ишчининг ўз вазифаси бор. Мен этик пошналарини тайёрлайман. Маошимиз ишимиз ҳажмига, сифатига қараб тўланади. Бир ойда ўртача 7 миллион сўм миқдорида маош оляпман. Ишда асосан маҳсулотнинг сифатига, мустаҳкамлигига эътибор қаратамиз. Асосийси, харидорларимиз норози бўлмасин, деймиз.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА