Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан электр энергияси ва табиий газ бўйича янги тарифлар белгиланган эди. Июль ойининг илк кунларида АСКУЭ тизимидаги ҳисоб-китобларда техник носозлик кузатилгани билан боғлиқ ҳолатлар ижтимоий тармоқларда кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.
Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда аҳоли учун электр энергияси истеъмоли бир ойда 200 киловат соат эмас, аксинча, 450 ёки 500 киловатт соат қилиб белгиланиши мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.
Хўш, 200 киловатт соат қайси нормаларга асосан белгиланган? Нима учун бунда бир хонадонда истиқомат қилувчи уч ёки тўрт оила ҳисобга олинмаган?
“Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Алвар Ғайбуллаев мазкур саволларга қуйидагича жавоб берди:
–Таъкидлаш керакки, бугунги кунда ишлаётган биллинг тизими 2012 йилда жорий қилинган. Кейинги йилларда электр энергияга талабнинг шиддат билан ошаётгани ва замонавий биллинг тизимининг зарурлиги учун 2022 йилда техник шартлар ишлаб чиқилган. Жорий йилнинг 1 августидан республика бўйича биллинг тизими янгиланади. Ҳозирда мазкур тизим синов тарзида Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида жорий этилган. Амалдаги тизимда абонентнинг исм-фамилияси, паспорт маълумотлари ва ҳисоб-рақами бўлган бўлса, янги тизимда абонентнинг кадастр маълумотлари, битта одам номида нечта ҳисоб рақами борлиги каби маълумотлар жамланади. Янги тизимда мониторинг ишларини олиб бориш мақсадида истеъмолчининг шикоят ва таклифлари, уларнинг сони ҳам ёзиб борилади.
Ижтимоий норма билан боғлиқ масалага келсак, битта кадастрга битта ҳисобрақами берилади. Бироқ айрим хонадонларда бир кадастр асосида тўрттагача оила мавжуд. Бундай хонадон 200 эмас, 800 киловатт соат электр энергиясини ишлатади. Шу асосда биз бир кадастр остида яшайдиган оилалар учун алоҳида ҳисобрақами ёки ижтимоий ҳолатга боғлаган ҳолда ечим қилиб бериш бўйича таклифлар бердик. Албатта, бу масалага ечим топилади.
Шунингдек, истеъмолчилар томонидан элекромобиллар бўйича ҳам қўшимча ҳисобрақами сўралган. Чунки истеъмолчи ўз эҳтиёжи учун ва электромобиль учун алоҳида тўлов бўлишини истайди. Шу ва бошқа ҳолатлар бўйича Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан биргаликда ишлаяпмиз. Уларда реестр бор: ким қанақа ижтимоий ҳимояга муҳтож. Шу сабабли, ҳар ойнинг бешинчи санасида агентликка бу ҳақида маълумотлар тақдим этаяпмиз. Яқинда бу масалалар бўйича ҳам ечим бўлиши кўзда тутилмоқда.
Ўз навбатида, таҳлиллар шуни кўрсатадики, ўтган ойда 71 фоиз аҳоли 200 киловатт соатгача электр энергиясини истеъмол қилган. Буни ҳудудлар миқёсида кўрадиган бўлсак, Тошкент шаҳрида 54,5 фоиз, Самарқандда 68 фоиз, Хоразм вилоятида 69 фоизни ташкил этган. Бу борада ҳам таклифимизни тақдим этганмиз.
<iframe width="853" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/y75tBSTl2Z8" title="Bir xonadonda yashayotgan uch-toʻrt oilaning har biriga elektr isteʼmoli boʻyicha hisobraqam ochish" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссияси фаолият юритади ва мазкур ташкилот тарифларни белгилайди. Бизнинг ташкилот ижрочи орган ҳисобланади. Албатта, бу янги табақалаштирилган тариф ҳар томонлама ўрганилган. Демак, 200 киловатт соат норма ўз-ўзидан қабул қилинмаган. Мутахассислар кўриб чиққан. Бунда ишлаб чиқарилаётган электр энергияси ва барча эҳтиёжлар ўрганилиб, янги тарифлар белгиланган.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.