Бир ватаннинг бир мақсадли фарзандларимиз
Халқимиз дуога қўл очса, энг аввало, Яратгандан эл-юртга тинчлик сўрайди. Бу бежиз эмас. Чунки тинчлик бор жойда хотиржамлик, файз-барака, ободлик бўлади.
Тинчликсиз инсонга ҳеч нарса татимайди. Шуни ҳам таъкидлаш жоиз, халқимиз қандай кунларни бошдан ўтказмасин, доим аҳиллик ва муроса йўлини танлаб келган. Бу халқ ўзбек, қорақалпоқ, қирғиз, қозоқ, тожик, туркман, рус, татар ва бошқа миллат вакилларидан иборатки, уларнинг ҳар бири ватаннинг азиз фарзандлари, қадри улуғ фуқаролари. Улар орасида қорақалпоқлар кўпки, ўзбек ва қорақалпоқ элининг дўстлиги шу пайтгача ўнлаб асарларда, адабиётларда ўз эътирофини топган.
Қорақалпоқ халқи бизга жон қадар яқин. Бу халқнинг мардлиги, меҳнаткашлиги, соддадиллиги, меҳмондўстлиги, биродарпарварлиги ҳамиша ҳайратимизга сабаб бўлган. Энди ўйланг, мана шундай халқ қўлидан ёмонлик, бузғунчилик, қотиллик келиши мумкинми? Асло йўқ! Мамлакатимиздаги ҳар бир ислоҳот ва жараён инсон қадри ва манфаатига хизмат қилмоқда. Буни исботлаш шарт эмас. Ҳаётимиздаги янгиликлар, ижтимоий қўллаб-қувватлашлар, бунёдкорликлар мана шу ҳақиқатни аён этиб турибди.
Сўнгги йилларда Қорақалпоғистон Республикасига ҳам ҳукумат эътибори кучайса кучайдики, асло сусайгани йўқ. Қорақалпоқ элининг бу саъй-ҳаракатлардан миннатдорлигига ҳам гувоҳ бўлиб турибмиз. Шундай экан, бу эл ҳеч қачон бузғунчиликка бош қўшмайди. Қорақалпоғистондаги нохушликлар ҳар биримизнинг кўнглимизга ғашлик солди, хавотирга тушдик. Чунки четдаги, ёт мақсаддаги манфур кимсалар тала-тўпларга сабаб бўлдилар. Уларнинг мақсади асло қорақалпоқ халқининг ниятларига ҳамоҳанг эмас, балки мамлакатдаги тинчликка путур етказиш, нотинчлик ва қуролли тўқнашувларни келтириб чиқариш, холос.
Шукурки, бугун Қорақалпоғистонда вазият изга тушди, ҳаёт ўз маромига қайтди. Ғаламислар бу халқни алдаб бўлмаслигини, ёт ғояларга ишонтириб бўлмаслигини англаб етди. Биз – бир элмиз, бир халқмиз, буюк Ўзбекистонмиз. Асрлар бўйи қорақалпоқ ва ўзбек халқи оға-инидек бир замин, бир ватан, бир оилада тинч-тотув, тенг ҳуқуқли инсонлар сифатида яшаб келмоқда. Бу бирликка асло шикаст етмайди. Зотан, Қорақалпоғистонсиз Ўзбекистонни, Ўзбекистонсиз Қорақалпоғистонни тасаввур этиб бўлмайди. Саҳролари каби меҳри ҳам қайноқ қорақалпоқ эли доим ўз ақли- идрокига таянган. Бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолишига ишонамиз.
Наримон Деҳқонов,
Наманган давлат университети проректори,
сиёсий фанлар доктори
ЎзА