
Шу кунларда Тошкент вилоятидаги чегарадош маҳаллаларда ўтказилаётган маданий, маънавий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари, турли кўргазмалар, байрам ва учрашувлардан мақсад битта – халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашдан иборат.
Эътиборлиси, уларда халқларимизнинг миллий урф-одатлари ва қадриятлари, адабиёт ва санъати тараннум этилмоқда.
Хусусан, Бекобод туманидаги “Ёшлик-2” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам “Дўстлик ва ҳамжиҳатлик улуғланган юрт” шиори остида катта маънавий-маърифий ва маданий тадбири баҳорий айёмларга ҳамоҳанг тарзда ташкил этилди.

Бу маҳалла Тошкент вилояти маркази Нурафшон шаҳридан 70 километр, Бекобод тумани марказидан 25 километр олисда, қўшни давлатга яқин ҳудудда жойлашган.
Бугунги кунда Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар туфайли энг олис жойлардаги юзлаб маҳалла ва қишлоқлар обод манзилларга айланмоқда. Буни Бекободнинг мазкур ҳудудида яшаётган 3 минг нафардан зиёд аҳоли ҳаётидаги ўзгаришлардан ҳам кўриш мумкин. Ўтган йиллар давомида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ҳудуд аҳолисига қулайлик яратиш учун мавжуд инфратузилмани янада яхшилаш чоралари кўрилди. Ичимлик суви таъминоти, оқар сув тармоғи яхшиланиб, маҳаллага олиб кирувчи асосий йўллар ҳам соз ҳолатга келтирилди.

Ҳудудда тадбиркорлик ташаббуси ҳисобига сутни қайта ишловчи цех, сартарошхона, тегирмон, гўшт дўкони, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси, ветеринария дўкони, гўзаллик салони, озиқ-овқат дўконлари фаолият юритмоқда. Шу билан бирга, болалар ўйингоҳи, футбол майдони, саломатлик йўлаги ҳам аҳоли ихтиёрига берилди.
Баҳори мавсуми муносабати билан ҳудуд атрофини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, дарахтларни оқлаш, шакл бериш, ариқ ва зовурларни тозалаш ишлари ҳам олиб борилди. “Яшил макон” Умуммиллий лойиҳаси доирасида “Дўстлик боғи” барпо этилди.

Тадбирда Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев, қўшни Тожикистон, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси ва Грузия давлатларидан фахрий меҳмонлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, шу ерлик аҳоли қатнашди.
Асосий байрам маҳалла гузаридаги мўъжаз хиёбонда бўлиб ўтди. Аҳолининг аҳил-иноқ, тотув-ҳамжиҳат ҳаётини акс эттирган тўкин дастурхон ёзилди. Атрофида йиғилган барча кексаю ёш кайфиятида ўзига хос дўстлик муҳити ҳукм сурди. Бу эса Бош қомусимизда келтирилган “Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналарини ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади” деган конституциявий норманинг амалда исботидир.

Тадбирда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев, тожик миллатига мансуб қардошлар сўзга чиқиб, барчани дўстлик айёми билан қутлади. Меҳмонлар ўзбек, қозоқ, қирғиз, тожик ва рус миллатларининг урф-одатлари, миллий таомлари, ҳунармандлик ва амалий санъат намуналари билан танишди. Элимиз суйган санъаткорлар қўшиқлари, вилоят бадиий жамоаларининг мусиқали рақс чиқишлари барчага кайфият бағишлади.

– Бугунги байрамдан бениҳоя мамнунмиз, – дейди тожикистонлик меҳмон Бегимо Омонатова. – Азалдан дўстлигимиз мустаҳкам бўлган. Бизнинг Суғд вилоятида ҳам ўзбеклар ва тожиклар бирдамликда яшайди. Улар билан қуда-анда бўлиб кетганмиз. Мисол учун келиним ўзбек, невараларим икки тилда гаплашади. Хонадонимизда ҳар икки миллатнинг урф-одатларига амал қиламиз.
Байрамда миллий спорт мусобақалари ҳам ташкил этилиб, ғолибларга мукофотлар топширилди. Аҳолига ҳалим, ош ва сумалак тортилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Тошкент вилоятида 172,3 минг тожик, 18,4 минг нафар қирғиз миллати вакиллари яшайди. Ҳар икки миллат вакиллари ҳам мамлакатимиз ривожига ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда. Мана шу рақамларнинг ўзиёқ мамлакатимизда, хусусан, вилоятда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари ўртасида самимий бағрикенглик муҳити нақадар юксак эканини кўрсатади.
А.Мусаев, ЎзА