Яқинда бир низони кўриб чиқиш жараёнида қизиқ бир «суд прецеденти» (суднинг ёки бошқа бир юридик шахснинг муайян иш бўйича амалиёт манбаи бўладиган, бўлиши мумкин бўлган қарори) га дуч келдим.
Тўғри, айтиш мумкиндир, суд прецеденти институти бизда амалда бўлган ҳуқуқ – Романа-Герман ҳуқуқ оиласига хос эмас, бу институт Англо-Саксон ҳуқуқ оиласига хос деб, майли... бу бошқа масала.
Мени таъсирлантирган жиҳат шундаки, анча тажрибали бўлган судья айни мен кўриб чиқаётган низога ўхшаш низо юзасидан қабул қилган қарори (мен учун шартли прецедент)нинг асослантирувчи қисми, якуний босқичида «Суд, аниқланган ҳолатлар ва адолат тамойилларига таяниб, ... лозим деб топади». Суд хулосасини бундай баён этишни ҳамма қарорларда ҳам учратавермайсиз.
Ўрганиш жараёнида мен кўриб чиқаётган низо ва айни шунга ўхшаш низолар юзасидан амалиётда бошқача қарорлар ҳам қабул қилинганига гувоҳ бўлдим. Ушбу қарорларда «Суд, аниқланган ҳолатлар ва қонун талабларидан келиб чиқиб, ...лозим деб топади», дейилган.
Юқоридаги икки мисолда айни бир турдаги низо бўйича икки хил ёндашув судьянинг онгида кечаётган «адолат ва қонун тортишуви» натижаси бир-бирига унча мос келмайдиган қарорлар қабул қилинишига асос бўлган.(Ҳозирда суд қарорларининг ягона электрон базаси яратилган. Хоҳлаган низо юзасидан қилинган хулосалар, чиқарилган қарорларни ҳар бир шахс, монеликсиз Олий суд веб-сайти орқали кўриб чиқиши мумкин).
Қайд этилган икки хил ёндашувда фарқ нимада, фарқ 2 тагина сўзда:
«қонун талабларидан келиб чиқиб» хулоса қиламан.
«адолат тамойилларига таяниб» хулоса қиламан.
Биласизми? Масала нимада? Судья албатта қонун талабларига таянади. Шусиз қарор қабул қилиш имконсиз. Албатта, ана ўша қонунларда адолат тамойили ҳам белгилаб қўйилган. Аммо, шу қонунлардан адолатлисини топиш ва қўллаш, агар қонунда судья ўзи қидирган адолатни топа олмаса-чи?..
Ундан ҳуқуқини тиклаб беришни сўраб келган инсон суддан рози бўладими, умуман, адолат-ҳақиқат-Ҳақдан рози бўладими? Жамиятдан, давлатдан рози бўладими? Энг оғриқли масала мана шу ерда.
Энди асосий мавзуга қайтсак: Мен ҳам ўз иш юритувимда бўлган юқорида айтилган низони биринчи мисол яъни, «суд, аниқланган ҳолатлар ва адолат тамойилларига таяниб, ... лозим деб топади (шартли прецедент)”, асосида ҳал этдим.
Орадан ҳеч қанча вақт ўтгани йўқки, ЖИБ суд ҳукми билан ҳам айни низо юзасидан мен учун шартли прецедент қарорга ҳамоҳанг хулоса қилинибди. Демак, биз ички ишончимиз тўлмаганлиги оқибатида қўлламаганимиз – фуқаролик ҳуқуқи, фуқаролик қонун ҳужжатларидаги айрим мақбул бўлмаган нормалар қўлланмаслиги мақсадга мувофиқлигини ЖИБ суди ҳам эътироф этган.
Айтмоқчи бўлган хулосам шундан иборатки, ҳар қандай қарорлар, жумладан суд қарорлари ҳам инсоннинг ўзгаришига, ўзини-ўзи ислоҳ эта билишига боғлиқ, агар у ўзгаришни хоҳламас экан, уни ҳеч қандай қонунлар ўзгартира олмайди. Чунки, қонунлар муаллифи ҳам айнан ўзимиз...
Аксинча, ўзгарган, ўзгаришни истаган инсонлар, янгича дунё қарашли инсонлар қонунларни ҳам дунёни ҳам ўзгартириши мумкин.
Зеро, инсон томонидан яратилаётган ҳеч бир қонунлар ўзгармас бўлиши мумкин эмас, айниқса, гап азиз инсон манфаати, унинг ҳуқуқ ва манфаатларининг кафолатини таъминлаш, унга адолат ишончни кўрсатиш ҳақида борар экан.
Шу маънода қонунларга янги дунёқараш билан назар солиш, қолип нормаларга қараб қотиб қолмаслик, ўрганиб қолинган қонун ижодкорлиги амалиётига қаттиқ ёпишим олмаслик, бу борада янгиликларга интилиш, адолатни аввал қон-қонимизга, сўнг қонунларимизга сингдириш, судларда адолатга – азиз инсон манфаатига мақбул келмаган қонун ҳужжатларини қўлламаслик, суд қарорларида қонун ҳужжатларига баҳо бериб ўтишдан қўрқмаслик талаб этилади, холос...
Нуриддин Муродов,
судья