Ватанимиз тарихидаги 19 сентябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1193 йил (бундан 832 йил олдин) – ануштегинийлар сулоласидан бўлган шаҳзода Жалолиддин Маҳмуд Султоншоҳ вафот этди. У хоразмшоҳ Эларслон ва Туркон хотуннинг кенжа ўғли эди. Отаси Эларслон ўлимидан олдин уни валиаҳд деб эълон қилди ва 1172 йилда у тахтга ўтирди. Бироқ унинг ўгай акаси Такаш буни тан олмади ва пойтахтни эгаллаб, шу йили 11 декабрда расман тахтга чиқди. Султоншоҳ пойтахтдан қочиб, акасига қарши кураша бошлади. Шу тариқа, аку-ука ўртасида 20 йил давом этган тахт учун кураш бошланди. 1193 йил мартда хоразмшоҳ Такаш укасинн батамом бўйсундиришга қарор қилди.
Хоразмшоҳ қўшинлари Обивардга етганида икки томон вакиллари – уламо ва дин арбоблари ака-укани яна яраштиришга уриндилар. Музокаралар чўзилиб, вақт ўтаверди. Шунда Сарахс қалъасининг бошлиғи Бадриддин Чақир хоразмшоҳ Такаш томонга ўтиб кетди, султон Такаш тезда қалъага яқинлашди ва Бадриддин қалъа калитларини, Султоншоҳнинг хазиналарини Такашга топширди.
Бу воқеа ака-ука ўртасида узоқ давом этган низога якун ясади. Султоншоҳ бу хабарни эшитгач, ёруғ дунё кўзига қоронғу бўлиб кетди. Султоншоҳ ўзининг тож-у тахтини қўлга киритиш ёки акасидан мустақил кучли бир давлат тузиш ҳақидаги орзу-ниятлари пучга чиққанлигини англади. Сарахс қалъасининг Такашга топширилиши унинг дилини вайрон қилди. Орадан 2 кун ўтгач, Султоншоҳ кўнгли куйиб кетганидан вафот этди.
1449 йил (бундан 576 йил олдин) – Мирзо Улуғбек Самарқанд ёнидаги Димишқ шаҳарчаси ёнида бўлган урушда ўғли Абдуллатифдан мағлубиятга учраб, Самарқанд сари чекинди, лекин шаҳар ҳокими Мироншоҳ қавчин подшоҳни шаҳарга киритмади. Шундан кейин Улуғбек Шоҳруҳияга борди, қалъа кутволи Иброҳим ибн Пўлод ҳам ҳукмдорни шаҳарга қўймади, балки уни тутиб Абдуллатифга топширмоқчн бўлди.
1582 йил(бундан 443 йил олдин) – ўзбек давлатчилиги тизимидаги Бухоро хонлигининг шайбонийлар сулоласидан чиққан энг йирик ҳукмлори Абдуллахон II(ҳукмронлик даври 1583–1598 йиллар) ўз ўғли ва тож-у тахт вориси Абдулмўмин султонга Балх ва унга тобе вилоятларни инъом қилди.
1924 йил (бундан 101 йил олдин) – Бутун Бухоро халқ вакилларининг бешинчи қурултойида Бухоро Халқ Совет Республикаси (БХСР)ни Бухоро Совет Социалистик Республикаси (Бухоро ССР)га айлантириш бўйича қарор қабул қилинди. Бухоро ССРнинг тузилиши юқоридан туриб сунъий тарзда амалга оширилган ҳодиса эди. Натижада тараққиётнинг демократик йўли инкор қилиниб, социалистик йўналиш танланди.
1931 йил(бундан 94 йил олдин) – Қорақалпоғистон шимолидаги Мўйноқ тумани ташкил этилди. Туман ҳудудининг аксари қисми Орол денгизининг қуриган туби (Оролқум) ва Амударё делтасидаги кўллардан иборат. “Ўзбекистон жой номларининг изоҳли луғати”да ёзилишича, Мўйноқ сўзи бўйин, бўғиз, дарё, кўл, орол, қуруқлик, тоғ, қир ва ҳоказоларнинг тор, чўзиқ қисмига нисбатан қўлланилади. Демак, Мўйноқ ном сифатида ўша ҳудуд рельефининг турини билдиради. У баъзан географик термин сифатида ўзи ёки кўпинча ранг, ўрин, шакл, хусусият, белгини англатувчи сўзлар билан қўшилиб жой номлари ҳосил қилиши мумкин. Т.Нафасовнинг ёзишича, Мўйноқ қадимги туркий тилга хос бўлган бўйноқ сўзининг қорақалпоқча талаффуз шаклидир. Сўз бошида “-б” товуши “-м” ундошига ўзгарган. Бўйноқ сўзи ҳозирги кунда қорақалпоқ адабий тилида учрамаса ҳам, ўрта асрларда халқ нутқида қўлланилган. Маҳмуд Кошғарий “Девону луғатит турк” асарида, “бўйноқ” – сўзини тоғ бўйни деб изоҳлаган.
2014 йил (бундан 11 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқишга хорижий инвестицияларни жалб этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2016 йил (бундан 9 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ҳузурида Ўзбекистон-Япония ёшлар инновация марказини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2017 йил (бундан 8 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида нутқ сўзлади. Унда давлатимиз раҳбари бир қатор масалалар, жумладан, БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш ва Бош Ассамблеянинг “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш, Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, Орол денгизи қуриши муаммоси, қўшни мамлакатлар билан яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш масалалари, Афғонистонда тинчликка эришишнинг маърифий йўллари масалаларига алоҳида тўхталди.
2017 йил (бундан 8 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Бошқарув кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”, “Мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини сарҳисоб қилишнинг янги концепциясини тасдиқлаш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорлари қабул қилинди.
2018 йил (бундан 7 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Миллий тўлов тизимини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2020 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз фильмларини яратишда хорижий кинокомпанияларга харажатларининг бир қисмини қайтариш («rebate») тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА