АҚШ касалхоналаридан бирида мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Беморлар – бир танада яшаган эгизаклар.
Маълум бўлишича, гавдалари қўшилиб кетган чақалоқлар бир-биридан муваффақиятли ажратилган ва тахминан бир ой ўтиб, икки ака-ука қайта туғилишини нишонлаганлар.
Филадельфия шаҳрида яшовчи Амари ва Жавар Руффинлар 2023 йил сентябрида туғилган.
Кўкрак суяги, қорин девори ва жигарининг бир қисмини ўзаро баҳам кўриб яшаган болакайларнинг умумий оғирлиги 2,7 кг эди.
Болалар касалхонасида йигирмадан ортиқ мутахассис, жумладан жарроҳ, анестезиолог, рентгенолог, ҳамшира ва бошқа кўплаб мутахассислардан иборат гуруҳ 21 август куни болаларни ажратиш учун саккиз соат давомида ҳаракат қилди.
Болаларнинг қоринлари ёпилган, қатламли тўр ва пластик жарроҳлик усули ёрдамида қайта шакллантирилди.
– Бу ҳолатда дунёга келганларни ажратиш ҳар доим қийин кечади, чунки ҳар бир эгизак танаси ўзига хос хусусиятга эга, – дейди умумий педиатрия ва ҳомила жарроҳи Холли Хедрик. – Мураккаб операцияга киришдан олдин соатлаб тайёргарлик кўрамиз.
Манбага кўра, болалар бир ой касалхонада бўлган.Ниҳоят, сешанба куни ота-онаси Тим ва Шанека уларни уйга олиб кетган.
– Уларнинг ҳар бирини ўз тўшагида кўриш таърифлаб бўлмайдиган туйғу, – дейди Шанека Руффин. – Олти кишилик оила сифатида янги ҳаёт бошлаётгандекмиз. Қайғули кунларни енгишда ёрдам берган ва кейинги бобни бошлаш имконини тақдим этганлардан жуда миннатдормиз.
Дарвоқе, ота-она эгизаклар қўшилган ҳолатда дунёга келишини ҳомиладорликнинг 12-ҳафтасида мунтазам ультра товушли текширув орқали билган. Онага, ҳатто, ҳомиладорликни тўхтатиш ва болаларни олдириб ташлаш тавсия қилинган. Шифокорлар ўғил болаларда бундай амалиёт камдан-кам ҳолларда муваффақият келтиришини қайта-қайта айтса-да, онаизор жигарбандларидан воз кечмаган.
Эгизаклар қўшилиб туғилиши жуда кам учрайдиган ҳодиса. Ушбу касалхона ҳам мамлакатнинг бу борада муайян тажрибага эга саноқли шифохоналаридан биридир.
Мусулмон Зиё, ЎзА