Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти, халқимизнинг ардоқли санъаткори Шерали Жўраевнинг "Бир қўшиқ куйлайки..." номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Унда ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунослар, ҳофизнинг оиласи ва мухлислари иштирок этди.

Алишер Навоий номидаги Давлат мукофоти, "Фидокорона хизматлари учун", "Эл-юрт ҳурмати" орденлари соҳиби Шерали Жўраевнинг қўшиқлари ярим асрдан зиёдки, асл санъат шайдоларининг кўнгил мулкига айланган. Эллик йилдан ошибдики, ҳофизнинг хонишлари дилларга малҳам, қалбларга юпанч, Ватан, миллат, муҳаббат, ўзлик, ғурур, ор ҳақида оташин нидо бўлиб янграмоқда. Дунёдаги жамики ўзбек миллати вакиллари борки, бари Шерали Жўраев ижодини юксак қадрлайди. Айни пайтда унинг бетакрор қўшиқлари қардош халқлар, хорижий давлатларда бетакрор ижод намунаси сифатида қадрланади.
– Бугунги тадбирни нуронийлар, мухлислар, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ҳалима Худойбердиева каби ижодкорлар орзу қилган учрашув, десам муболаға бўлмайди, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид. – Қанча йиллар, замонлар ўтса-да, халқимизнинг севимли хонандаси Шерали Жўраевнинг қўшиқлари ҳамон мухлислар ардоғида. Санъаткорнинг биргина "Ўзбегим" қўшиғи учун уюшмамизга аъзо қилсак арзийди.
– Шерали Жўраев каби санъаткорлар ҳар куни туғилмайди, – деди устоз журналист Аҳмаджон Мелибоев. – Назаримда, мухлислар фақатгина хонанданинг қўшиғини тинглаш билан чекланиб қолмаслиги керак. Улар санъаткорнинг қандай оловли йўллардан ўтиб шаклланганини, тобланганини билиши керак. Шу маънода "Бир қўшиқ куйлайки..." китоби ўқувчилар учун жуда қадрли.
– Шерали Жўраев билан талабалик давримиздан танишмиз, дўстмиз, – деди Ўзбек Миллий академик драма театри директори Ёдгор Саъдиев. – Унинг ҳар бир қўшиғи алоҳида спектакль. Шерали Жўраев бекорга Алишер Навоий номидаги Давлат мукофотининг Ўзбекистондаги ягона соҳиби эмас. Биз "Юлдузли тунлар" спектаклини қайта тикламоқчимиз. Бунда Шерали Жўраевнинг кўмагига таяниш ниятимиз бор.
Тадбирда Шерали Жўраев ўз қўшиқларидан ижро этди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири