“Бир ўлкаки, тупроғида олтин гуллайди…” (+видео)
Тоғлар билан елкадош, булутлар билан бўйлашган сўлим Зомин табиати ҳақида кўп эшитгансиз. Мусаффо осмон остида, саховатли она замин устида жойлашган бу нурли манзилдаги бугунги бажарилаётган бунёдкорлик ишларини кўриб кўзингиз қувонади. Танти элининг қалби қамар, қадри қиммат одамлари билан суҳбат қилсангиз дил яйрайди. Шоир айтганидек “Бир ўлкаки, тупроғида олтин гуллайди…”
Ҳа, қадим тарихга эга мазкур ҳудуд амалга оширилаётган улкан ўзгаришлар сабаб бугун дунёга янгидан бўй кўрсатмоқда. Улуғвор тоғлар қуршовидаги “Суффа” платоси асрларга тенгдош ноёб табиат мўъжизаси. Эрта тонгдан бобоқуёш ним сариқ найза нурларини тириклик дунёсига улашишга ошиқади. Мўъжаз табиат ҳам бу улкан ўзгаришлар олдида ҳудуднинг туристик жозибасини ўзида янада намоён қилади.
Айни пайтда бу ерлар оромбахш табиати, қулай жойлашуви сабаб сайёҳлар учун севимли манзилларидан бирига айланган. Бироқ, йиллар давомида ҳудуд имкониятлардан тўлақонли фойдаланмоқда деб бўлмасди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 апрелдаги «Зомин» туристик-рекреацион зонасини ва халқаро умуммавсумий курортини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони бу борада янги ўзгаришларга ҳуқуқий асос вазифасини ўтади. Давлатимиз раҳбари фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 апрель санасида "Зомин" туристик-рекреацион зонаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги тегишли қарори қабул қилинди.
Қарор асосида ишлаб чиқилган “Зомин туристик зонасини ривожлантириш концепцияси ҳамда туризм соҳасини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури”га мувофиқ ҳудудда жами 4,4 трлн. сўм инвестицион лойиҳалар амалга оширилмоқда. Лойиҳаларнинг баъзилари ишга туширилган бўлса, баъзиларини қуриш жараёнлари давом этаётир. Масалан, айни пайтда умумий қиймати 466,1 млрд. сўмга тенг 3 та уч юлдузли меҳмонхона фойдаланишга топширилди.
Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизнинг миллий туризм бренди халқаро умуммавсумий курорт базаси сифатида жаҳон стандартлари, хизматлар ва янги сайёҳлик имкониятларини ўзида мужассам этмоқда, десак асло муболаға бўлмас.
Қувонарли жиҳати, тумандаги “Лайлак уя” массиви ҳудудида жойлашган Зомин аэродромида 30 ўринга мўлжалланган йўловчи терминалини қуриш ишлари аллақачон бошлаб юборилган. 60 гектар ер майдони ажратилган мазкур объектда жами 200 дан зиёд ишчи ходимлар самарали меҳнат қилишмоқда. Куни кеча мазкур аэродромга Тошкентдан илк самолёт парвози ҳам амалга оширилди.
Дарҳақиқат, туризм ривожида бирламчи ўрин тутадиган талаблардан бири – сайёҳлар учун сифатли транспорт хизматининг мавжудлигидир. Зомин туристик зонасини ривожлантиришда айни жиҳат ҳам эътиборга олинган ва бу бўйича катта лойиҳаларга қўл урилди. Шунингдек, Зоминга боришни истаган сайёҳларга тезюрар поезддан фойдаланиш имконияти ҳам яратилган.
Маълумот учун, вилоятга 2022 йилда 1,5 миллион нафар маҳаллий ва 12 минг нафар хорижий сайёҳлар ташриф буюрган.
Ҳозирда ҳудудда 100 ўринли соғломлаштириш маркизи, савдо ва хизмат кўрсатиш маркизи, ресторан ва осма кўприклар, кўп қаватли автотураргоҳлар ҳамда“Shale” услубидаги коттеж уйлари қурилмоқда. Яқинда тоғ ён бағрида замонавий дор йўли тест режимида ишга туширилди.
Зомин туристик-рекреацион зонаси ва халқаро умуммавсумий курортни ташкил этишда муҳандислик-коммуникация автомобиль йўллари инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳам кенг кўламли лойиҳалар режалаштирилган. Жумладан, ички-ташқи ичимлик ва оқова сув тизимлари учун 6 та турли ҳажмдаги иншоотларни қуришга 96,9 млрд. сўм йўналтирилган. 200 млрд. сўм маблағ эвазига эса ҳудудда қурилаётган объектларга электр энергияси билан таъминлаш мақсад қилинган. Йўл-транспорт инфратузилмасини яхшилаш бўйича 17 километр автомобиль йўлларини таъмирлаш, пиёдалар велосипед йўлаклари ташкил этилади. Бунга эса 193,4 млрд. сўм маблағ йўналтирилган.
Тасдиқланган бош режага кўра Зомин туристик-рекреацион зонасида келгусида яна бир қатор объектлар қурилиши режалаштирилган. Жумладан, анжуманлар саройи, 4 та тўрт юлдузли ва 7 та уч юлдузли меҳмонхона, 5 та йўналишда замонавий дор йўллари, 8 км. узунликда тоғ чанғи учиш трассалари, 7 та ресторан ва кафелар, 13 та ёзги аттракционлар ва бошқа бунёдкорлик ишлари амалга оширилади. Бунинг учун 2,8 трлн. сўм маблағ йўналтирилган. Натижада яқин келажакда “Ўзбекистон Швейцарияси” номини олган Зомин тумани туризм йўналишида янги ўсиш нуқтасига айланади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/5LQzJCdlCFU" title="“Бир ўлкаки, тупроғида олтин гуллайди…”" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Ўткир Aлимов, Дониёр Ёқубов (видео), ЎзA