Бир оила фарзандларидек яшаш бахти
Куни кеча давлатимиз раҳбари “Халқлар дўстлиги куни” муносабати билан кўп миллатли халқимизга Байрам табригини йўллади. Табрикда, ҳамжиҳатлик, жамиятда миллатлараро тотувликни таъминлаш, ҳар бир шахсга миллати ва диний эътиқодидан қатъий назар тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратиш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, Ватанга муҳаббат ҳамда садоқат руҳида тарбиялаш мамлакатимизда давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айлангани алоҳида таъкидланди.
Ушбу сана муносабати билан Жиззах вилоятида ўтказилган маданий-маърифий ва бадиий тадбирларда ҳам, табрикда таъкидланган ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат, миллий қадрият ва анъаналарни қадрлаш руҳи сезилиб турди.

Байрам тадбири вилоятнинг Шароф Рашидов туманида ҳам кенг нишонланди. Бугун туманда 10 га яқин миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек яшаб, туман иқтисодиётининг турли тармоқларида, таълим, соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият, спорт ва шу каби ижтимоий соҳаларда самарали меҳнат қилиб келмоқда.

Байрам тадбирида вилоятда фаолият кўрсатаётган миллий маданий марказлар ўз санъатлари, миллий либослари, миллий таомлари кўргазмасини намойиш этди.

Кечга бориб тадбирнинг бадиий қисмида ўзбек, тожик, рус, қозоқ, қирғиз, корейс ва бошқа миллат вакиллари тилларида янграган куй, қўшиқ ва рақслар иштирокчиларга байрамона руҳ бағишлади.

Байрам тадбирлари вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам кенг нишонланди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА.