Бир мақсад йўлида бирлашган жамоа
Марказий кон бошқармаси кўплаб тармоқлар ва бўлинмаларни ўз ичига олиб, ҳар бирининг белгиланган режалари, олдига қўйган вазифалари бор. Ушбу ташкилотлар турли ишларни бажарсалар-да, ягона мақсад – кон-металлургия саноатининг барқарор фаолият кўрсатишига хизмат қилади.
“Мурунтов” конининг махсус томоша майдонидан атрофга қарар экансиз, конда ҳаракатланаётган оғир юк кўтариш қувватига эга автотранспортларнинг бир маромда кетма-кет ҳаракатланаётганини кузатасиз. Бир қарашда ҳайратимизни оширадиган бу жараён бошқарувчилари ўзларининг камтарин меҳнатлари билан масъулиятли вазифани бажариб, мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришга катта улуш қўшмоқда.
– 31 йилдан буён ана шу конда меҳнат қиламан. Асосий вазифам – кондан қазиб олинаётган маъданни оғир кончилик техникасида белгиланган манзилга етказишдир, – дейди “Шуҳрат” медали соҳиби, Автомобиль транспорти бошқармасининг “Мурунтов” транспорт цехи 2-сонли транспорт участкаси ҳайдовчиси Зокир Норов. – Шунча йиллик тажрибамдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, кейинги йилларда коннинг чуқурлиги ошиши баробарида ундан маъданни ташиш ҳажми ҳам мураккаблашиб бормоқда. Шунга қарамай, бир мақсад йўлида ишлаётган аҳил жамоамиз 2-гидрометаллургия заводига узлуксиз маъдан етказиб бермоқда. Корхонамиздаги ҳар бир касб вакили ўзига юклатилган вазифани масъулият билан бажаришга одатланган.

Автомобиль транспорт бошқармаси томонидан “Мурунтов” конининг 650 метрдан ортиқ чуқурликка эга майдонидан қазиб олинаётган маъданни 2-гидрометаллургия заводига узлуксиз етказиб бермоқда. Республикамизнинг йирик автотранспорт корхонаси ҳисобланган бошқарма жамоаси айни вақтда “Мурунтов” ва “Ауминзо-Амантой”, “Балпантов”, “Томдибулоқ”, “Турбай” каби конлардан таркибида қимматбаҳо металллар бўлган фойдали қазилмаларни белгиланган манзилларга ташиш, маъданларни юклаш ва транспортларга техник хизмат кўрсатиш ишларини амалга ошириб келмоқда. Бундан ташқари, корхонанинг йўл қурилиш машиналари ва юк ортгичлари “Олтинни уюмда ишқорлаш цехи” конига ҳамда 7-сонли гидрометаллургия заводига хизмат кўрсатмоқда.
Конда дастлаб 27 тонналик БелАз машиналари ишлатилган бўлса, айни пайтда тоғ жинслари юк кўтариш қуввати 220, 254 тонна бўлган автотранспортларда ташилмоқда. Бугун бошқармада иқтисодиётимиз тараққиёти йўлида унумли фойдаланилаётган 500 дан ортиқ “БелАЗ”, “Komatsu”, “Caterpillar”, “UzXCMG”, “Volvo”, “Dressta”, “Manitou” каби оғир юк кўтарувчи кон автотранспортлари, йўл-қурилиш техникаси ва ёрдамчи транспорт машиналарнинг барчасини кўриш мумкин. Айниқса, кейинги йилларда автокорхонанинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, транспорт воситаларининг кўп ва самарали ишлашига, иқтисодий тежамкорликка имкон берувчи янгиликлар яратишга, машина-механизмларидан унумли фойдаланишга қаратилган замонавий технологияларни жорий этиш, таъмирлаш-созлаш ишларини такомиллаштириш, иш шароитларини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– Жорий йилда “Мурунтов” конига “Komatsu 860 Е-1К” русумли юк кўтариш қуввати 254 тонна бўлган автоағдаргичлар олиб келиниб, ишлаб чиқариш жараёнида муваффақиятли ишлатилмоқда, – дейди Автомобиль транспорти бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Мавлонов. – Ўзбекистон миқёсида биринчилардан бўлиб синтетик дизель ёқилғиси “Caterpillar” ва “БелАЗ” русумли авто техникаларда синовдан ўтказилди ва ижобий натижаларга эришилди. Шунингдек, транспорт воситаларида сунъий йўлдош орқали ишлайдиган “Ёқилғи назорати” ахборот тизими жорий этилди. Бу тизим нафақат тезликни, шу билан бирга ҳаракат йўналишини, ёқилғи ҳажми ва бошқа кўрсатгичларни ҳам онлайн тарзда кузатиш имконини бермоқда.

Қизилқумнинг қаҳратони-ю, саратонидан чўчимай фаолият юритаётган кончилар жамоасининг устувор вазифаси – тоғ-кон массасини ташиш ҳисобланади. Бундан ташқари, автокорхона таркибидаги энг замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган таъмирлаш цехлари ва бўлимлари ҳамда ёнилғи-мойлаш материаллари марказий лабораториясида малакали ходимлар туну кун хизмат фаолиятларини олиб боради. 2021 йилдан бошлаб бошқарма томонидан кунлик тоғ-кон массасини ташиш ҳажми 1 миллион тоннадан ошган бўлса, бугунги кунда бир кунда бажарилаётган иш ҳажми 1 миллион 200 минг тоннага етказилди.
Эътиборли томони шундаки, ташкилотда ишлаб чиқаришни ривожлантиришга, режа-топшириқларнинг бажарилишига қанчалик эътибор қаратилса, бу ерда меҳнат қилаётган ишчи-ходимларга ҳам шунчалик ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Уларнинг ишлаши ва дам олиши учун муносиб шароитлар яратилган. Уйдан ишга ва ишдан уйга қатнашлари учун махсус транспорт воситалари ажратилган. Кон иқлим шароити ҳисобга олиниб, махсус ишчи кийимлари билан таъминланган. Шунингдек, йилида бир марта соғликларини тиклашлари учун юртимизнинг сўлим масканларида жойлашган сиҳатгоҳларда дам олиш имкониятига эга. Албатта, бу каби эътибор ва ғамхўрлик меҳнат унумдорлигининг ошишига хизмат қилиши шубҳасиз.
Нафосат Зиёева,
Марказий кон бошқармаси
Ахборот ва маънавият-маърифат гуруҳи ходими.
ЎзА