Кўклам қишлоқ аҳли учун ижобий маънодаги жонсарак палла. Ердан қор кетиб, тупроқдан ҳовур кўтарилиши билан деҳқоннинг “пайтавасига қурт тушади”.

Кўклам қишлоқ аҳли учун ижобий маънодаги жонсарак палла. Ердан қор кетиб, тупроқдан ҳовур кўтарилиши билан деҳқоннинг “пайтавасига қурт тушади”. Кетмонини олиб, даласига шошади. Қанча эрта экса, шунча яхши. Зироат парвариши ўз маромида бўлади, экин-тикин қўшимча ишловлар-у ортиқча кимёвий дори-дармонсиз зўриқмай унади, ҳосил ҳам шунга яраша қиёмида етилади.

Қишлоқ аҳли учун яна бир мавсум бор. Унда деҳқончиликнинг кутиб турмайдиган юмушлари бир томон-у, нари-бериси билан бир ойга етадиган бу мавсум бир томон бўлади. Сочи шу соҳада оқарган кишилар таъбири билан айтганда, шу 25-30 кунлик машаққату самара йилга татийди. Бу – ипак қурти боқиш мавсуми.

Хотин-қизларимиз эгнида товланаётган атлас-у адрас матолари қайси хомашёдан, қандай усулда тайёрланишини, бир қарашда, ҳаммамиз биламиз. Аммо ипак қурти уруғ ёриб чиққанидан бошлаб унинг маҳсули биз кўриб турган санъат даражасига етгунигача бўлган меҳнат-машаққатни кўпчилигимиз тасаввур ҳам қилолмаймиз. Атлас атлас бўлиб, адрас адрас бўлиб яралган гўё...

Ипак қурти боқиш шундай жараёнки, у на ёшу қари, на эркагу аёл, на куну тун ва на об-ҳаво инжиқликлари билан ҳисоблашади. Уйга эндигина уруғдан чиққан бир кафтгина ипак қурти кирдими – тамом, яхши маънода бутун оиланинг ҳаловати бузилади, кўринар-кўринмас қимирлаётган жониворга қандай андармон бўлганини ўзи ҳам билмай қолади.

Болалик хотираларим қатидан жонланган бир лавҳадан ҳамиша юзимга беихтиёр табассум югуради. Хонадонимизда ипак қурти боқилмас эди. Қизиқишми, бир куни онам акамни қурт уруғи олиб келишга юборди. Бирор соатлар ўтиб акам қўлида сават билан қайтиб келди. Сават ичидаги қутичада бир кафтгина ипак қурти турибди. Эндигина тухумдан чиққани учун қуртлигини ҳам билиб бўлмайди. “Бунча оз берибди?” дедилар онам ҳафсаласи пир бўлиб. “19 граммдан тарқатаётган экан”, жавоб берди акам ўзини айбдор сезиб. Онам идорага бориб, “Грами нимаси, бир кило-икки кило бермайсизларми, нима, биз сизларга эрмак бўлиб қолдикми?!” деб гина қиладилар. Мийиғида кулиб қўйган бригадир яна бир қути қўшиб беради. Ана энди ўша бир кафтгина қуртни кўринг: бир ҳафтада бир уйни эгаллади, ўн беш-йигирма кундан кейин олти хонани ҳам бўшатиб, ўзимиз ташқарида яшашга мажбур бўлганмиз.

Ипак қурти шундай “инжиқ”, таъбир жоиз бўлса, нозиктаъб, алоҳида эътибор талаб қилади. Худди нозик меҳмон ё энди тушган келинчак, дейсиз. Хоналарни ювиб-тозалаш, деворни оқлаш, ёғочдан сўри ясаб, оппоқ қоғоздан чойшаб тўшаш, печка ўрнатиб, кўмир ғамлаш, деразага ҳарир парда тутиш каби тараддуд билан кутиб олинади. Ҳар бир хонада алоҳида ҳарорат ўлчагич бўлиши шарт. Хона ҳароратини кеча-ю кундуз мўътадил – 25 даражада, нисбий намлигини 65-75 фоизда тутиб туриш керак. Акс ҳолда, барча меҳнатларингиз зое кетиши муқаррар.

Уйга ипак қурти кириши билан оила аъзолари учун “белгиланмаган иш куни” тартиби бошланади. Дастлаб, ҳали етилмаган майин, юмшоқ тут баргини тўғраб берасиз. Уч кун қиймаланган барг билан боқилган қурт биринчи уйқуга кетади, яъни “бир ёш” га тўлади. “Уйқудан уйғонган” иккинчи ёшидан бошлаб, ҳартугул баргни қиймалаб бермасангиз-да, новдадан битта-битталаб териб олинган барг билан меҳмон қиласиз. Дарвоқе, кекса пиллакорлар ипак қуртини ҳақиқатан ҳам “меҳмон” деб атайди, кўча-кўйда ҳол-аҳвол сўраганларга “Уйда меҳмонимиз бор”, деб қўйишади.

Ипак қурти боқишнинг бор машаққати ҳам, завқи-шавқи ҳам унинг иккинчи уйқудан туриб, “уч ёшга қадам қўйганида” бошланади. Тут баргини саҳарда кесиш керак, яхши бўлади. Офтоб чиққанидан сўнг кесилган барг уйга келгунча сўлийди.

Оилада қимирлаган жон борки, саҳардан далага жўнайди. Ака-ука, опа-сингил, қиз-келинлар ҳамжиҳатликда ўттиз-эллик боғ атрофида тут келтиради. Ипак қуртига ҳар икки соатда, яъни бир кеча кундузда ўн икки марта барг солиш керак. Бир қути ипак қурти 20 грамм бўлиб, уни парваришлаш учун 60 квадрат метр майдон, яъни ўзбекона уйнинг уч-тўртта хонаси талаб этилади. Биринчи хонадан бошлаб, сўнггисига барг солиб бўлгунингизгача, аввалгисининг навбати келиб туради. Бу бир қути ипак қурти боқаётган киши куну тун тинмасдан барг ташийди, дегани.

Оқшомга яқин яна эрталабки, “жанговар ҳолат” эълон қилинади. Бу вақтда ким қаерда бўлишидан қатъи назар, етиб келиши керак. Тонгда келтирилган баргни “очофат” қуртлар еб битирган, энди тун бўйи оч қолмаслиги чорасини кўриш зарур. Яна дала, яна тутзор, яна чопқи, яна ярим тунгача барг патлаш, тут ўтинларини боғлаш ва ҳоказо. Бу жараён ипак қуртининг бешинчи ёшигача ҳар куни такрорланади. Айниқса, “катта даҳа” деб аталмиш сўнги етти кун энди бармоқдай-бармоқдай бўлиб, оппоқ тусга кирган қуртнинг иштаҳаси карнай бўлиб, кишининг тинка-мадорини қуритади. Барг ташийверасан, ташийверасан, улар еб ташлайверади. Барг етарли бўлса-ку, хўб-хўб, аҳоли зич, пиллакор кўп ҳудудларда катта даҳага бориб, барг кўзга тўтиё бўлади.

Бу орада қурт учинчи, тўртинчи уйқудан тургандан кейин “ғанаш” деган юмуш бор, яъни сўри ғаналанади – устма-уст солинганидан қалинлашиб кетган тут новдалари енгиллаштирилади. Акс ҳолда, хонада ҳаво айланиши бузилиб, қурт ўлади, пилла чирийди. Бунда бақувват икки йигит сўрининг икки томонида туриб, энг охири солинган новдалар остидан ёғоч қўйиб кўтаради. Учинчи киши пастдаги новдалар қатлами – ғонларни суғуриб олиб ташқарига узатади. Яна бир неча киши новдага илашиб чиққан қуртларни териб ичкарига ташлайди. Шу куни ҳовлида оёқ босгулик жой қолмайди...

Аммо пиллакорлик турган битгани заҳмат экан, деб ўйлаш ҳам хато. Бу мавсумни қишлоқнинг ўзига хос меҳнат байрами, десак, муболаға бўлмайди. Пиллакорлик ана шунақа, хуморли, завқли меҳнат. Айниқса, пилла топширишга бориладиган кун ҳамма учун байрам, пули қўлга теккан кун тантана бўлиб кетади.

– Куч-қувватим бўлса ҳозир ҳам қурт боқардим, – дейди Наманган туманининг Навбаҳор қишлоғида истиқомат қилувчи, қарийб эллик йил ипак қурти боққан Салимахон момо Йўлдошева. – Ипак қурти боқишнинг меҳнат-роҳати йилга татийди, дейилишининг боиси шуки, чинданам бир ой кеча-кундуз тиним билмайсан. Бироқ мавсум давомида тўпланган тут ўтини йил бўйи тандирингни қизитади, уйингни иситади. Завқини айтмайсизми, қуртхона майдалаб ёмғир ёғаётгандай шовуллаб туради, бу – қуртнинг иштаҳа билан барг еяётгани аломати. Ҳузур қилади киши.

Наманган пиллакорлари изланишда

Наманган вилоятининг ўн бир туманида пилла етиштирилади. 2014 йилда вилоят бўйича 2 минг 764 фермер хўжалиги пиллакорларига 48 минг қути ипак қурти тарқатилиб, 2 минг 645 тонна пилла етиштириш режалаштирилган эди. Бу маррани эгаллашда ипак қуртига озуқа етказиб бериш алоҳида аҳамият касб этади. Шу мақсадда ўтган йили вилоятда бир ярим миллион туп тут кўчати экилди. Наманган шаҳридаги масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Verigrow ipagi” хорижий корхонасига ажратилган ер майдонига 350 минг тупдан зиёд янги навли тут кўчати экилиб, 54 гектар алоҳида тутзор барпо этилди. Вилоят “Пахтасаноат” ҳудудий бирлашмаси тасарруфидаги 80 гектар тутзорнинг хатолари тўлдирилди.

Туманларда тутзор ва тутқаторлар хатловдан ўтказилиб, фермер хўжаликларига тақсимлаб берилди. 3 минг 100 тоннадан зиёд минерал ва маҳаллий ўғит билан озиқлантирилган тут баравж ўсиб, баргининг тўйимлилик даражаси юқори бўлди. 

Фермер хўжаликлари билан шартнома тузган 41 минг 865 хонадонга ипак қуртини парваришлаш борасида барча зарур амалий ва услубий ёрдам кўрсатилиб, уларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Керакли жиҳозлар ҳамда пул ҳисобида 5,6 миллиард сўм бўнак тўловлари тўланди.

Бу саъй-ҳаракатлар ўз самарасини берди. Режадаги 2 минг 645 тонна ўрнига 2 минг 700 тонна пилла етиштирилиб, 15 миллиард 689 миллион сўмдан зиёд даромад қилинди.

Хўш, вилоят пиллакорларининг бу йилги режаси қандай?

– Жорий йилда вилоятда ўтган мавсумга нисбатан 145 тонна кўп, яъни 2 минг 790 тонна пилла етиштириш режалаштирилган, – дейди “Наманган пилла” ҳудудий бирлашмаси раиси Раҳбархон Явминова. – Айни кунларда ана шу эзгу мақсад йўлида саъй-ҳаракатлар қизғин давом этмоқда.

Ўтган йилга нисбатан 145 тонна кўп пилла етиштириш... Бу рақамлардагина осон иш. Ўтган йили 2 минг 764 фермер хўжалиги пиллакорлик билан шуғулланган бўлса, жорий йилда бундай фермерлар сони яна 79 тага кўпайди. Шунга мувофиқ, ипак қурти уруғи ҳам аввалгига кўра 2 минг қутига ортди, яъни 50 минг қути қурт уруғи тарқатилди. Қўшимча бир ярим миллион туп тут кўчати экиш, 110 гектар майдонда тутзор барпо этиш каби тадбирлар мақсадга эришиш йўлида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Фермер хўжаликлари билан пиллакорлар ўртасида ички шартномалар, мавсумни молиялаштириш, бўнак маблағлари ҳамда ипак қурти боқиш учун зарур жиҳозлар билан таъминлаш бўйича вилоятдаги барча пилла тайёрлаш ва қайта ишлаш корхоналари ўртасида ўзаро шартномалар тузилди.

Март ойининг сўнгги кунларида кутилмаганда юз берган совуқ тут дарахтларига анчагина зиён етказди. Бироқ вилоят пиллакорлари умидсизликка тушмади. Соҳа мутахассислари билан ҳамкорликда табиат ҳодисаси туфайли юзага келган муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш йўллари ишлаб чиқилди.

– Тут дарахти куртакларининг маълум қисмини совуқ урди, – дейди бирлашма мутахассиси Акобир Бекмирзаев. – Улар ўрнига ён куртаклар ўсиб чиқиши учун 15-20 кун керак бўлади. Шу жараённи тезлатиш мақсадида тутзорларга қўшимча агротехник ишлов берилди. Жумладан, дарахт тагини юмшатиш, органик ва минерал ўғит билан озиқлантириш, камида икки маротаба суғориш каби тадбирлар йўқотилган ҳосил ўрнини тўлдиришда муҳим аҳамият касб этади.

Кумуш толанинг камалак жилолари

Бир кафтгина мўъжиза маҳсули бир-биридан латофатли қизлару аёлларимиз эгнида ўзининг жозибадор кўринишда, атлас-у адрас, беқасам либослар тимсолида намоён бўлади. Масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Verigrow ipagi” хорижий корхонаси вилоятнинг тўққизта туманида етиштирилган пилла хомашёсини қайта ишлаб, ипак йигиради. Айни пайтда корхонада тайёр маҳсулот – атлас ва адрас ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда.

Наманганда миллий ҳунармандлик мактабининг давомчилари ипак мато ишлаб чиқариш анъанасини давом эттириб келаётгани кишини қувонтиради.

– Бугунги кунда вилоятда етмишдан зиёд ҳунарманд миллий усулда атлас, адрас, беқасам тўқиш билан шуғулланмоқда, – дейди “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Икромжон Каримов. – Уларнинг фаолияти маҳсулот ишлаб чиқариш баробарида миллий ҳунармандлик мактаби анъаналарини асраш, ривожлантириш, уста-шогирд йўналишида ёшларга ҳунар ўргатиши билан аҳамиятлидир.

Шундай уста-ҳунармандлардан бири Латифжон Аҳмаджонов қадимий адрас матолари ишлаб чиқаришни қайта тиклади. Унинг устахонасида тўқилган “Бегойим”, “Нодира”, “Ўзбекистон гўзали”, “Бобур”, “Ари уяси”, “Қуёш” деб номланган атласлар, “Балдоқ”, “Анор”, “Тумор” каби адрас матолари қўл меҳнати маҳсули сифатида нафақат мамлакатимизда харидоргир, балки хорижлик сайёҳларнинг ҳам эътиборини тортмоқда...

Бир кафтгина мўъжизанинг чинакам мўъжиза эканига ишонган бўлсангиз керак...

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бир кафтгина мўъжиза