Бир гуруҳ информатика фани ўқитувчилари рағбатлантирилди
Республика миқёсида халқ таълими тизимини ахборотлаштириш ҳамда рақамлаштириш ишлари жадал суръатларда амалга оширилмоқда.
Ҳудудларда ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш, мактаб ўқувчиларини дастурлаш тиллари ҳамда замонавий касбларга ўргатишда информатика ва ахборот технологиялари фани ўқитувчилари меҳнатини алоҳида эътироф этиш мумкин.
Пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги 22-умумтаълим мактабида Халқ таълими вазирлиги томонидан ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш бўйича мутахассислар ҳамда информатика ва ахборот технологиялари фани ўқитувчиларини рағбатлантиришга бағишланган тадбир ташкил этилди.
- Ушбу тадбирда ёш авлоднинг ахборот технологиялари соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш, “Бир миллион дастурчи” лойиҳасини кенг тарғиб қилиш, халқ таълими тизимида жорий этилаётган электрон платформалар, жумладан, масофавий таълим платформаси - maktab.uz, электрон кутубхона платформаси - kitob.uz, халқ таълими тизимидаги муассасаларни бошқариш бўйича ягона электрон дастурий тизими (ERP) ҳамда “Электрон кундалик” ахборот тизимларида маълумотлар базаларини шакллантиришда жонбозлик кўрсатаётган АКТ мутахассислари ва информатика фани ўқитувчиларининг хизматлари муносиб тақдирланди ва рағбатлантирилди, - дейди Халқ таълими вазири ўринбосари Рустам Каримжонов.
Шунингдек, тадбир давомида бир гуруҳ информатика фани ўқитувчилари Oracle ва Cisco компанияларининг онлайн курсларини мактабларда ўқитишни ташкил этиб, юқори синф ўқувчиларига дастурлаш тили ва тармоқ технологияларини ўргатиш, тегишли сертификатларни бериш орқали ўқувчиларни замонавий касбларга йўналтириш ишларини намунали тарзда амалга ошириб келаётганлари алоҳида эътироф этилди ва муносиб тақдирланди.
Бундан ташқари, халқ таълими тизимини ахборотлаштириш ва рақамлаштириш ислоҳотларини жойларда амалга оширишда кўмаклашаётган бир қатор вилоят ҳамда туман, шаҳар халқ таълими бўлимларида самарали меҳнат қилаётган мутахассислар фаолияти ҳам вазирлик эътиборидан четда қолаётгани йўқ.
Бугунги кунда вазирлик томонидан кадрлар салоҳиятини ошириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда, жумладан, республиканинг ҳар бир туман ва шаҳарларидан жами 430 нафар информатика фани ўқитувчилари Python дастурлаш тилини ўрганмоқда. Бу кўрсаткични шу йилнинг якунига қадар 3000 нафарга етказиш ва замонавий дастурлаш тиллари (Scratch ва C++ ва бошқалар) бўйича таҳсил олишини ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Информатика ўқитувчиларининг малакасини оширишдан кўзланган мақсад ўқувчиларга назарий билим беришдан ташқари, дастурлаш тиллари бўйича амалий билимларни бериш, замонавий касбларга йўналтириш ва фриланс бозорига тайёрлашдан иборат.
Мактабларда АКТни жорий этишнинг муҳим омилларидан бири бу таълим муассасаларини малакали кадрлар билан таъминлашдир. Республика бўйича 16 мингга яқин информатика фани ўқитувчилари фаолият юритиб келмоқда. Улардан 15 минг 603 нафари (97,5 фоиз) олий маълумотли, 394 нафар (2,5 фоиз) тугалланмаган олий маълумотли ўқитувчилар ҳисобланади. 2021 йил Давлат дастурига мувофиқ информатика ва ахборот технологиялари фани ўқитувчиларининг дастурлаш тиллари бўйича малакасини ошириш (Phyton, Scratch ва б.) ҳамда мактаб директорларининг АКТ саводхонлигини ошириш бўйича ишлар режалаштирилган.
Ёш авлоднинг замон талабларига мос таълим олишини таъминлаш мақсадида вазирлик томонидан янги авлода дарсликларини яратиш бўйича 5-11 синф информатика фани дасрликлари халқаро Cambridge таълим дастури ва дарсликлари асосида янгиланди.
Файзулло Яҳёев, ЎзА