Бир экспонат тарихи
Бугун ҳаётимизда турли русумдаги автомобиллар, юк машиналари, поезд, автобус, трамвай, самолёт каби транспорт ва техника воситалари кўпайиб, узоғимизни яқин, оғиримизни енгил қилмоқда. Бундай техника воситалари ривожланиб, такомиллашиб, урфга киргунга қадар эса олис йўлга отланиш, савдогарлик қилиш, қурилиш ёки қишлоқ хўжалигидаги юмушларни бажаришда турли воситалардан фойдаланилган.
Тарихимизга назар ташласак, бу борада араваларнинг ўрни ва хизмати беқиёс эканлигини кўришимиз мумкин. Узоққа бориш, савдогарлар шаҳарлараро савдо қилишларида, ҳатто жангу жадалларда аравалардан унумли фойдаланилган.
Арава тарихи: у қачон пайдо бўлган?

Археологик маълумотларга кўра, Ўрта Осиёда икки ва тўрт ғилдиракли аравалар эрамиздан олдинги уч мингинчи йиллардаёқ пайдо бўлган. Ўрта Осиё аравалари тузилишидаги ўзига хослик шундаки, уларда темир деталлардан фойдаланилмаган. Нафақат ерда, саёзроқ сувларда ҳам яхши ҳаракатлангани сабабли ундан транспорт сифатида фойдаланиш жуда қулай бўлган.
Аравага битта от қўшилган. Кенг йўлга мўлжалланган баланд ғилдираклари Ўрта Осиёдаги энг ёмон йўлларда ҳам унинг мустаҳкамлигини таъминлаган. ХIХ аср охири — ХХ аср бошларига қадар Ўрта Осиё араваси ерда ҳаракатланиш ва сувни кечиб ўтишда мукаммал транспорт саналган ҳамда ўша давр ижтимоий ишлаб чиқариш муносабатларига тўла жавоб берган.
Хоразм ва Қўқон арава

Бизнинг юртимизда ҳам аравалардан кенг фойдаланилган. Бобо-бувиларимиз ўз хотираларини эсга олганда, деярли ҳар бир хонадонда арава, от ёки эшак мавжуд бўлганини таъкидлашади. Халқ хўжалигида, қариндош-уруғларникига борди-келди қилганда, юк ташишда, албатта, аравалар хизматига таянишган.
Ўзбекистонда араванинг икки тури — нисбатан қадимийроқ Хоразм ёки Қашқар арава ва Қўқон арава кенг тарқалган. Уларнинг ҳар бири тузилиши, кўринишига кўра фарқланади.
Пойтахтимиздаги Политехника музейида қадимий Хоразм араваси намойишга қўйилган. Ушбу арава, умуман, арава тарихи ҳақида қизиқиб, музей экскурсоводи Маҳмуд Содиқовни суҳбатга тортдик.
— Яқин ва узоқ тарихимизда аравалардан кенг фойдаланилган, — дейди Маҳмуд Содиқов. — Жумладан, юртимизда Хоразм ёки Қашқар арава ва Қўқон арава кенг тарқалган. Ғилдиракли транспорт сифатида анча оммалашган икки ғилдиракли Қўқон аравадан асосан юк ташиш учун фойдаланилган. Бундай аравада аравакаш отнинг яғринида ўтирган ва отни калта юган билан бошқарган. Арава учта асосий қисмдан: ғилдирак, ўқ ва платформадан иборат бўлган. Ярим доиралар, гупчак, кегайлардан ташкил топган ғилдиракни йиғиш саррождан анча масъулият талаб этган. Шоти етти ёки саккизта узун тахта билан бирлаштирилган, ўртасига тол новдасидан тўқилган платформа ўрнатилган. ХIХ аср охири – ХХ аср бошларига келиб тўқима платформа ўрнига кўпинча тахта платформадан фойдаланилган. Бу платформага ўтирган ҳолда саккиз киши жойлашиши мумкин бўлган. Ғилдирагининг баландлиги 1,75 метрдан 2 метргача етган. Қўқон арава асосан Фарғона водийси ва Тошкентда кенг тарқалган.
Музейимизда намойишга қўйилган ХIХ асрга оид Хоразм араваси эса Ўрта Осиёнинг бошқа ҳудудларидаги аравалардан ўзининг шаклига кўра фарқ қилган. Унинг ғилдирак ва платформаси кичикроқ бўлиб, кегайлари ҳаддан ташқари катталиги учун ғилдираклари ясси кўринган. Шунингдек, унинг алоҳида қисмларини тайёрлаш техникаси ҳам фарқ қилган: чамбарак елимланиб, тобланган катта-катта темир михлар билан маҳкамланган. Кўпинча бу араваларнинг олд қисмига ўйма нақш туширилган. Аравакаш aраванинг ўзида ўтириб, отни жиловидан бошқарган.
Хоразм араваcи асосан Самарқанд, Бухоро ва Хивада тарқалган. Умуман, аравалар инсонлар оғирини енгиллаштиришда, олис манзилларни босиб ўтишида қулай восита бўлган, — дейди музей ходими.
Дарҳақиқат, бугун музейда бир экспонат сифатида ўрин олган Хоразм араваси узоқ йиллар, бир неча асрлар давомида одамларнинг асосий улови, кўмакчиси бўлиб хизмат қилган. Маълумотларга кўра, ҳатто улардан беланчак сифатида ҳам фойдаланилган.
Муҳтарама Комилова, ЎзА