"Бир дақиқа ҳоким бўлсам майлими?"
“Ёшлар куни” муносабати билан Тошкент вилоятида ҳам “Раҳбар ва ёшлар" учрашувлари ўтказиляпти.
Очиқ ва самимий мулоқот руҳидаги суҳбатларда ёшлар ўзларини қийнаётган масалаларни бевосита раҳбарларга етказиш имкониятига эга бўлди. Жумладан, ёшлар бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга йўналтириш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда уларни жамият ҳаётига фаол жалб этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Ҳар бир мурожаат эътибор билан тингланиб, масъуллар томонидан аниқ тушунтириш ва амалий йўналишлар берилди.

Олмалиқ шаҳридан 6-синф ўқувчиси Фирдавс Тошбоев шаҳар ҳокими ўрнида бир дақиқа ўтиришни сўради. Олмалиқ шаҳар ҳокими Қобил Ҳамдамов унга бу имкониятни берди. Аммо атиги бир неча савол ва мурожаатлардан сўнг, у раҳбарлик масъулияти нақадар оғир эканини ҳис қилди. Фирдавсга ҳокимлик нафақат минбар, балки катта жавобгарлик эканини англаш учун бир дақиқа ҳам етарли бўлди.
Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев Бўстонлиқ туманидаги 7-сонли жазони ижро этиш колониясида жазо ўтаётган бир гуруҳ ёш маҳкумлар билан самимий мулоқот ўтказди.

Улар учун бундай эътибор ва самимий мулоқот катта маънавий таянч бўлди. Ҳозир колонияда жазони ўтаётган ёшлар мебелсозлик ва турли ишлаб чиқариш йўналишлари бўйича касб-ҳунар ўрганмоқда. Улар ёғочга ишлов бериш, тайёр маҳсулот ясаш, маиший буюмлар ишлаб чиқариш каби амалий кўникмаларни эгаллаб, келгусида ҳалол меҳнат орқали ҳаётда ўз ўрнини топишга тайёргарлик кўрмоқда.
Учрашувда вилоят ҳокими шу жараёнлар билан танишиб, ёшларнинг таълим олиши, касб-ҳунар ўрганиши, озодликка чиққанидан сўнг иш билан таъминланиши масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Мулоқот сўнггида маҳкумлар ҳам фаоллик кўрсатиб, ўзларининг таклиф ва ташаббусларини илгари суришди. Мазкур таклифлар юзасидан вилоят ҳокими тегишли раҳбарларга аниқ топшириқлар берди.

А. Мусаев, ЎзА