ҚЎЗИБОЙ РАХИМОВ – 1926 йил (9 май)да Андижон вилояти , Балиқчи тумани, Чўнқайма қишлоғида туғилган. Тўрт нафар – икки ўғил, икки қиз фарзанднинг отаси.
1943 йилда иккинчи жаҳон урушига жўнаган. Курск остонасида бўлиб ўтган жангларда иштирок этган. Пиёда қўшинларда пулемётчи бўлиб хизмат қилган. Жанг майдонларида уч маротаба оғир яраланган. III-даражали Шуҳрат ордени, Ватан уруши, Қизил юлдуз орденлари ва бошқа кўплаб медаллар нишондори.
Урушдан қайтгач, ўрта мактабда бошланғич синфларга дарс берган. Тақдир тақозоси билан кейинчалик савдо соҳасида ишлаган ва ҳеч қачон бу соҳа ходимлари номига доғ туширмаган. Савдо ходимларига “панжа ортидан” қаралган вақтларда ўз касбига ҳалол ва виждонан муносабатда бўлган отамиз “Матлубот ва савдо аълочиси” кўкрак нишонига эга бўлган.
Биз фарзандлари, марҳум отамиз – Қўзибой Рахимовни камтарин, ширин сўз, ҳалол ва меҳрибон инсон бўлганидан фахрланиб юрамиз.
Очиғи, ўқиш баҳона кўп вақтим Тошкентда ўтган. Мен пойтахтда кўп нарсаларга эришдим. Бугун ўйлаб қарасам, йўқтоганларим қўлга киритганларимдан кам эмасдай. Ҳамқишлоқларим, синфдошларим ҳали-ҳали дадамни кўп масалаларда (уй-жой қилишда, касб танлашда в.ҳ) яхши хотиралар билан эслашади. Шунда, беихтиёр қалбимнинг бир четида армон соя солиб тургандек бўлади.
Синфдош дўстларим: “Абдуманноб, даданг жуда яхши инсон эдилар. Кўча-кўйда бизни учратиб қолса, сени кўргандек бўлармидилар, тўхтатиб, узоқ суҳбатлашарди. Эринмасдан, нима иш билан шуғулланаётганимиз, оила ташвишларимиз, тирикчилигимиз, соғлигимиз ҳақида албатта сўрарди, дейишади.
Бир нарса ҳеч ёдимдан чиқмайди. Дадам раҳматли билан расмга тушадиган бўлсак ёки ўзи тушган расмларини фарзанларига эсдалик учун берганда, расм орқасига доим, “Кўрганда эслаш учун эмас, балки, эслаганда кўриш учун” деб ёзиб қўярдилар. Бу сўзларни эслашдан мурод, ёшларга бир ибрат бўлсин дейман. Кўпчилик ёшлар вақт аталмиш неъматнинг қадрига етмайди, ҳаммаси ҳали олдинда, ҳамма нарсага улгураман, деган тушунча билан яшайди...
Мен 1986-1991 йилларда ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)тарих факультетида ўқиганман. Қишлоғимга бир ойда бир маротаба борардим. У вақтларда дадам пенсияга чиққан, уйда Доно бувим (у киши бизга ўгай бўлсада, лекин бирон маротаба ўгайлигини билдирмаганлар), Исмоил акамни катта ўғли билан бирга туришарди. Онамиз Уришова Кароматхон 1978 йилда вафот этганлар, жойлари жаннатларда бўлсин.
Ҳар сафар борганимда, дадам:
– Тошкентда вақтингни бекорга ўтказма. Астойдил ўқи! Вақт жуда тез ўтади. Инсоннинг умри битта чопон умрига (гап Андижонда эркаклар киядагин қора сатин тўн ҳақида бораяпти) ҳам етмайди. Мени юришимни кўриб, дадам соппа-соғ, ҳали узоқ яшайди деб ўйлама. Урушда уч маротаба оперция бўлганман. Докторлар, битта наркоз одам умрини беш йилга қисқартиради деб айтишган. Уларни гапи рост бўлса, менинг умрим ўн беш йилга қисқарган. Ўқишни тамомлаб, тезда уйга қайтишинг керак, дер эдилар.
Дадамнинг бу гапларига негадир кўп эътибор қилмаганман. Анча тетик, узоқ умр кўрадилар, ўқишни тамомлаб келгунимча ҳаммаси яхши бўлади, деб ўйлардим. Ўқишни тамомлаганимдан сўнг, тақдир экан, Тошкентда қолиб ишлашимга тўғри келди. Кейин, Ўзбекистон Миллий университети ҳуқуқшунослик факультетига ўқишга кирдим. Уни битириб олгунимча, дадам яна озроқ вақт Тошкентда қолишимга рухсат бердилар. Вақт шунчалар тез ўтишини хаёлимга келтирмаган эканман.
2000 йил 12 май куни дадам (амаким Абудулмуҳаммад, у киши менга акамдек эди) айтиши бўйича, кеч соат 19.30 лар атрофида) бандаликни бажо келтирадилар. Ўшанда ҳам мен уйдан узоқда – Тошкентда эдим. 9 май байрамини дадам билан бирга нишонлаб, иш баҳонасида рухсатларини олиб, Тошкентга қайтган эдим. Яхшиям, аёлим Замирахон ва қизим Гавҳаройни қишлоқда, дадамни олдида қолдирган эканман. Ҳеч бўлмаганда, шулар дадамнинг сўнгги нафасларида ёнларида бўлишди дея ўзимни овутаман бугун.
Ўлим ҳақ. Инсонни туғилиши ҳикмат, ўлиши қисмат. Лекин, ўшанда дадамни гапига қулоқ солиб, яна бир кун ёнларида қолганимда у кишини сўнгги йўлга ўзим кузатармидим.
Нима учун буларни эслаяпман. Дадам раҳматлини битта қора сатин тўни (чопони) менда қолган. Уни эҳтиёт қилиб, олиб қўйганман. Дадамни эсласам, ўша чопонни ҳидлаб-ҳидлаб қўяман. Чопондан дадамнинг оталик меҳри, болаликдан жисми жонимга сингиб, таниш бўлиб кетган бўйи келаётгандек бўлади. Дадамнинг умрлари ўзлари айтгандек, шу чопончалик бўлмади.
Умр шунчалар тез ўтдики, бир вақтлар Тошкентга келган навқирон йигит, бугун ўтмиш хотираларини ёзиб ўтирибман. Демак умр ҳам, ёш ҳам ўтиб бораяпти. Дастлаб, Тошкентга келганимда ўзимни, дунёни ўзгартириб юборадиган одамдек, ҳис қилардим. Энди шуни билдимки, дунёни ўзгартириш учун одам, аввало, ўзини ўзгартириши керак экан. Дадам раҳматли, “ўғлим, вақтингни бекор ўтказма, ўқишга астойдил бўлиш керак” деганларида эҳтимол шуларни назарда тутганлар, деб қоламан. Одам, дунёни ўзгатириши учун чуқур билимга эга бўлиши керак экан. Ҳадиси шариф ҳукми бўйича ҳам “Бешикдан қабргача билим излаш” суннат – энг мақбул амаллардан дейиладику...
Ҳозир мен уруш азоблари ва синовларида тобланган, ўзидан яхши хотиралар қолдирган инсон, отам ҳақида ёзаётиб, мен-мен деяётганимда ўзимни эмас, бугунги ёшларни назарда тутаяпман.
Агар биз, айниқса, ёшларимиз шу оддий ҳақиқатни вақтида англаб етсак, ўзимизни ўзгартира оламиз. Дунёни ўзгартиришга ҳаракат қилиш шарт эмас. Сиз ўзингизни ўзгартиринг, эй, укаларим, сингилларим. Шунда Ўзбекистонни ўзгаришига ҳисса қўшган бўласиз. Жонажон ватанимиз - Ўзбекистон ўзгарса, демак, дунёни ҳам ўзимиз учун ўзгартиришга қодир бўламиз. Тушунаяпсизми?..
Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, ёшларга ўзларини ўзгартишлари учун янги – кенг имкон пайдо бўлди. Яна ҳам тўғрироғи, ҳаммамиз учун десам, асло муболаға бўлмайди. Яъни, Янги Ўзбекистонни янгиланган Конституцияси қабул қилинди. Келинг, ўзимизни ўзгартирмоқчимизми, ишни шундан бошлайлик. Айтмоқчиманки, дунёвий давлатни ҳуқуқий пойдевори бўлган Конституция асосида яшашни, ишлашни, ўқишни ўзимиз учун ҳаётий зарурат билайлик. Зеро, “Инсон эркин бўлиши учун қонунни қули бўлиши керак” деган фалсафий қарашни ҳаёт тарзимизга айлантирайлик. Керак бўлганда, атрофдагиларимиздан ҳам буни талаб қилайлик.
Ахир, икки дунё саодатига етиш аслида шунинг ўзи эмасми. Эртанги кунимизга, фарзандларимиз келажагига бефарқ бўлишга ҳаққимиз йўқ. Инсон умри “бир чопон умри”га тенг бўлмас экан, ўткинчи орзу-ҳаваслар нимага керак.
Ўтган ота-оналаримизни охиротлари обод, ётган жойлари жаннатларда бўлсин.
Дарвоқе, файласуфларда бир гап бор, “Ўғил шунинг учун ўғилки, унинг отаси бор. Ота шунинг учун отаки, унинг ўғли бор, демак оталар ўлмайди”.
9 май - Хотира ва қадрлаш куни барчамизга муборак бўлсин!
Абдуманноб Рахимов,
ҳуқуқшунос