Бир асрлик орзу амалга ошди (+видео)
Ўзбекистон маданияти ва санъатини ривожлантириш жамғармаси томонидан кўҳна ва боқий Бухорога илмий экспедиция ташкил этилди.
Тошкентда ўтказилган “Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик” мавзусидаги халқаро илмий анжуман иштирокчилари учун ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон, АҚШ, Туркия ва Қозоғистондан жадидчилик бўйича олим ва мутахассислар иштирок этди.
Тадбирлар дастури очиқ илмий мунозарани ўз ичига олди. Модератор сифатида Мичиган университети профессори Тимур Хожаўғли бўлди. Жамғарма ташаббуси билан Бухорода биринчи жадидлар мероси музейини ташкил этиш бўйича илмий масалалар муҳокама қилинди. Музей Усмонхўжа Пўлатхўжаевнинг 1860-1870 йилларда қурилган уйида ташкил этилади. Лойиҳада кўргазма майдони, илмий ва тарихий коллекцияларга эга кутубхона, маъруза зали ва илмий марказ мавжуд.
Усмон Хўжа ўғли (Усмонхўжа Пўлатходжаев) 1922 йилда ватани Бухорони тарк этишга мажбур бўлган. 1937 йилда укаси Атаулла Хўжа ўғли отиб ўлдирилганидан сўнг уларнинг Бухородаги уйи прокуратура ва қолган ярми ҳибсхонага айлантирилган. Ушбу ҳолат 1991 йил охиригача давом этган.
[gallery-15059]
Бу уй 1992 йилда тадбиркорга сотилган. “Ўзбекистон маданий мерос” агентлиги ташаббуси билан ушбу уйнинг ҳозирги эгаси билан музокаралар олиб борилди. Ниҳоят, шартнома тузилиб мазкур бино миллийлаштирилди. Энди бу жой Усмон Хўжа ўғлининг жадидчилик уй музейи, кутубхонаси ва тадқиқот маркази сифатида ташкил этилади.
– Бу орзунинг, бу соғинчнинг амалга ошиши, айниқса, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, ўз номини тилга олишни истамаган икки тадбиркорга, шахсий мулкини давлатга қайта сотишга рози бўлган самарқандлик тадбиркорга, бу масалани тилга олган ўзбекистонлик зиёлилар ва журналистларга алоҳида миннатдорлик билдираман, – дейди таниқли туркшунос олим Темур Хўжа. – Бир асрлик орзу амалга ошди.
Халқаро илмий конференция иштирокчиларига Усмонхўжа Пўлатхўжаевнинг 1860-1870 йилларда қурилган уйи ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, меҳмонлар Файзулла Хўжаев уй-музейида ҳам бўлишди. Экспедиция доирасида Бухоронинг тарихий марказига саёҳат ташкил этилади. Меҳмонлар шаҳарнинг бой маданий мероси билан таниши имконига эга бўлади.
Маълумот учун, Тошкентда ўтказилган “Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик” мавзусидаги халқаро илмий конференцияда АҚШ, Германия, Нидерландия, Озарбайжон, Туркия, Швеция, Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Япония сингари мамлакатлардан таниқли олимлар қатнашди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/DFVMoxOB22I" title="Bir asrlik orzu amalga oshdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (видео, сурат), ЎзА мухбирлари.