22 май — Халқаро биологик хилма-хиллик куни. Ушбу сана БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1995 йил Биохилма-хиллик тўғрисидаги Конвенция аъзо томонларининг анжумани тавсиялари асосида қабул қилинган резолюцияга мувофиқ эълон қилинган бўлиб, 2001 йил 22 май кунидан бошлаб жаҳоннинг қатор мамлакаларида кенг нишонлаб келинади.
Конвенция дунё мамлакатларининг биологик хилма-хилликни сақлаш ва улардан барқарор фойдаланиш бўйича, шу жумладан, уларнинг стратегик ҳаракатлар режаларини ишлаб чиқишдаги биргаликдаги ишларини мувофиқлаштиради. Ўзбекистон Республикаси ҳам ўзининг барқарор ривожланиши учун биохилма-хиллик ресурслари муҳимлигини тан олган ҳолда 1995 йилда ушбу халқаро конвенцияга қўшилган.
Халқаро биологик хилма-хиллик куни муносабати билан Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси бўлим бошлиғи Диёра Шарипова билан суҳбатлашдик.
— Биохилма-хилликнинг аҳамиятини тўла тушуниб етиш учун, аввало, унинг мазмунини чуқур англаш лозим. Шундай экан, биохилма-хилликнинг ўзи нима эканлиги ҳақида батафсил тушунча берсангиз.
— Биохилма-хиллик анча кенг тушунча бўлиб, у ҳаётнинг барча турларини ва сайёрамизда мавжуд барча табиий тизимларни ўз ичига олади. Биохилма-хиллик турғун тушунча эмас. У табиат барча биологик қисмларининг ўзаро боғлиқлиги ва бир-бирини тақозо этишини тан олади.
Кўпинча мазкур тушунчанинг уч даражаси фарқланади. Яъни, турларнинг биологик ранг-баранглиги – барча ўсимликлар ва ҳайвонларнинг, шу жумладан турли бактериялар ва микроорганизмларнинг ранг-баранглиги, генетик ранг-баранглик – турлардаги генетик материалнинг ранг-баранглиги ва уларнинг ўртасидаги биохилма-хиллик, экологик тизимларнинг ранг-баранглиги – тоғ ўрмонлари, чўллар ёки саванналар, саҳро ва денгизларнинг бойлиги тушунилади. Бу уч даража жамланган ҳолда биохилма-хилликни ташкил этади. Шу сабабли мазкур даражаларнинг ҳар бирини асраш биохилма-хилликни асраш ҳисобланади.
— Ўзбекистоннинг биологик хилма-хиллиги, ўсимлик ва ҳайвонот оламидаги турлари қанча?
— Юртимизнинг умумий биологик хилма-хиллиги 27 мингдан ортиқ турни ташкил этади. Мамлакатимизнинг ўсимлик дунёсида юксак ёки олий ўсимлик турлари алоҳида ажралиб туради. Ўзбекистон ҳудудида 4500 га яқин юксак ўсимлик турлари ва 2000 дан ортиқ замбуруғ турлари учрайди. Улар орасида жиддий муҳофазага муҳтож камёб ва реликт турлар ҳам мавжуд бўлиб, уларнинг сони 300 дан ошади. Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига 314 турдаги ўсимлик тури киритилган. Ҳар йили республикада ёввойи ҳолда ўсадиган доривор, озиқ-овқат ва техник ўсимликларнинг 65 турига яқини етиштирилади.
Ўзбекистон фаунасида умуртқали ҳайвонларнинг 706 тури мавжуд, умуртқасиз ҳайвон турлари эса 15 мингдан ортиқ. Сўнгги ўн йил давомида табиатдан фойдаланишнинг кучайиши оқибатида ўлкамиздаги кўплаб ҳайвон турлари кучли антропоген таъсир остида қолиб, уларнинг яшаш жойлари ва сони қисқарди, баъзилари эса бутунлай йўқ бўлиб кетди.
Муҳофазага муҳтож ва йўқолиб бораётган ҳайвон турларидан Ўзбекистоннинг Қизил китобига кенжа турлар билан биргаликда сутэмизувчиларнинг 30 тури, қушларнинг 52, судралиб юрувчиларнинг 21, балиқларнинг 18, ҳалқасимон чувалчангларнинг 3, моллюскаларнинг 15 тури ва бўғимоёқлиларнинг 67 тури киритилган.
— Маълумки, бугунги кунда Ер юзида турли экологик муаммолар кескин ортмоқда. Бу эса биохилма-хиллик ва экотизимнинг хавф остида қолишига сабаб бўлаяпти. Биохилма-хилликнинг йўқолиши қандай оқибатларга олиб келади?
— Дарҳақиқат, биохилма-хиллик ва экотизимни сақлаб қолиш ҳаёт-мамот масаласидир. Биохилма-хиллик ва экотизим хизматларининг йўқолиши харажатлар ва хатарларни ошириши ҳамда иқтисодий кўрсаткичларнинг пасайишига олиб келиши мумкин. Биз ҳозир ҳам ушбу таъсирларни сезмоқдамиз. Орол фожеаси, тез-тез содир бўлаётган чанг бўронлари, иқлим ўзгариши кабилар табиатни асрашни, табиий ресурслардан масъулиятли тарзда фойдаланиш лозимлигини англатади.
— Биохилма-хилликни асраш борасида қандай чора-тадбирлар амалга ошириляпти?
— Бутун Ер юзида биохилма-хиллик ва экотизимни асраб-авайлаш борасида бир қатор чоралар кўриляпти. Aсосий глобал мақсадлардан бири бу 2030 йилга қадар дунё бўйлаб таназзулга учраган экотизимларни 30 фоиз қайта тиклаш, маълум турларнинг йўқ бўлиб кетишини тўхтатиш ва 2050 йилга келиб барча турларнинг йўқ бўлиб кетиш хавфини ва тезлигини ўн баравар камайтириш, 2030 йилгача пестицидлар хавфини камида 50 фоизга камайтириш, қишлоқ хўжалиги, балиқчилик ва ўрмон хўжалиги учун ажратилган ҳудудларни барқарор бошқариш ҳисобланади.
Ўзбекистонда ҳам биохилма-хилликни сақлаш бўйича миллий стратегия ва ҳаракатлар дастурлари, Президент қарор ва фармонлари, бир қатор қонунлар қабул қилинган ва уларда қатор устувор мақсад-вазифалар белгиланган. Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституциясида экология билан боғлиқ нормалар акс эттирилди.
Шунингдек, «Ўзбекистон — 2030» Стратегиясида ҳам биологик хилма-хиллик ишончли сақланишини таъминлаш йўналишида долзарб мақсадлар кўзда тутилган. Хусусан, Орол денгизининг қуриган тубида қўшимча 600 минг гектар яшил майдонларни барпо этиб, уларнинг умумий ҳажмини 2,6 миллион гектарга етказиш, “Яшил иқлим” ва Глобал экологик жамғармаларнинг биохилма-хиллик, иқлим ўзгариши ва тупроқ емирилишининг олдини олишга қаратилган дастурлари асосида 300 миллион доллар қийматидаги лойиҳаларни амалга ошириш, чўлланиш, қурғоқчилик, чанг-қум бўронлари ва ҳароратнинг кўтарилишига қарши чора сифатида жами 600 минг гектар майдонда «яшил қопламалар» барпо этиш каби муҳим вазифалар белгилаб олинган.
Ушбу йўналишдаги чора-тадбирлар юртимиз экологик тизимини, биохилма-хиллигини сақлаб қолишга, экотизимдаги мавжуд муаммоларни юмшатишга хизмат қилади.
ЎзА мухбири Муҳтарама Комилова суҳбатлашди.