Бильярд спортми ёки оддий ўйин тури?
Дунёда одамларни ўзига жалб этиб турадиган қизиқарли ўйинлар кўп. Кимлардир шахматга, яна кимлардир нарда ўйинига ёки от спорти турларига қизиқади. Лекин улар орасида ўз жозибаси билан бильярд алоҳида ажралиб туради.
Норасмий маълумотларга кўра, дунёда ушбу ўйинга қизиқадиганлар ярим миллиардга яқинни ташкил этади. Хўш, бильярд қачон, қаерда пайдо бўлган? Унинг қанақа турлари мавжуд? Ўзбекистон бильярд федерацияси раиси Ўткир Комилов билан шу каби саволлар хусусида суҳбатлашдик.

– Ўткир Комилов, бильярд ўйини қадим тарихга эга. Унинг асл ватани қаер эканлиги аниқланганми?
– Ушбу қизиқарли ўйинни айнан қаерда пайдо бўлганлиги тўғрисида турли қарашлар мавжуд. Кимлардир унинг пайдо бўлиш тарихини Хитой ёки Ҳиндистон билан боғлайди, лекин бу исботланмаган. Фақат Европада чоп этилган айрим тарихий асарларда бильярд ҳам шахмат каби тарихий илдизларга эгалиги, унинг ватани Осиё бўлганлиги тахмин қилинган. Бугунги кунда бильярднинг учта йўналиши мавжуд. Булар Америка қитъасида оммалашган пул йўналиши ҳамда рус бильярди ва снукер тури.
– Ушбу йўналишларнинг қайси бири қадимийроқ ҳисобланади?
– Албатта, снукер йўналиши қадимийроқ. Америкадаги пул ва рус бильярд ўйинлари ундан кейин пайдо бўлган. Тарихий маълумотларга эътибор берилса, бильярд Европага XV асрда кириб келган. Орадан тўрт аср ўтиб, Америкада пул йўналиши пайдо бўлган. Пул (pool room) сўзи инглизча бўлиб, «хонада ставкалар қўйиш» маъносини билдиради. Рус бильярди эса Европадан Россияга кириб келган. Бугунги кунда дунёда Америка ва Рус бильярдига қараганда снукер йўналиши анча оммавий.

– Бундан бир неча йил муқаддам бильярдни олимпия ўйинлари дастурига киритиш ҳаракати бошланганди.
– Шундай. 2016 йилдан эътиборан Бутунжаҳон профессионал бильярд ва снукер ассоциацияси (WPBS) ва Бутунжаҳон бильярд спорт конфедерацияси ҳамкорликда бильярдни олимпия ўйинлари дастурига киритиш учун ҳаракатни бошлашган. "Токио-2020" дастурига киритиш режалаштирилганди. Амалга ошмай қолди. Эндиликда "Париж-2024" дастурига киритиш режалаштирилмоқда.
– "Париж-2024" ўйинларининг спорт йўналишлари тақвими тасдиқланиб бўлинган. Ўйлашимча, 2024 йилги ўйинлар бильярдсиз ўтади. Агар келажакда бильярдни олимпия тизимига киритишга муваффақ бўлинса, спортчилар қайси йўналишда олимпиадада баҳслашади.
– Албатта снукер йўналишида. Чунки дунёнинг 200 та давлатида снукер оммалашган. Шунингдек, шунча давлатда ташкил этилган бильярд федерациялари айнан Бутунжаҳон профессионал бильярд ва снукер ассоциацияси (WPBS) аъзоси ёки аъзоликка даъвогар давлатлар ҳисобланади.
– Мамлакатимиз бильярд федерацияси WPBS аъзолигига қабул қилинганми?
– Биласиз, юртимизда 1991-1998 йиллари бильярд анча оммалашганди. Ўзбекистоннинг исталган гўшасида бемалол бильярд ўйнаса бўларди. Замонавий бильярд асбоб-ускуналари ўрнатилганди. Аммо 2000 йилдан бильярд ўйини айрим сабабларга кўра, оммавий тарзда ёпилди. Бундай ёндашув эса кўплаб жойлардаги бильярд залларининг ёпилиб кетишига олиб келди. Шу сабабли деярли 19 йил мобайнида бильярд ёпиқ ўйинлар сирасига кирарди. Юртимизда кўплаб йўналишларда очиқлик, ошкоралик, дунё мамлакатлари билан яхши ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиши натижасида бильярд ўйинига ҳам йўл очилди. 2019 йилдан федерация фаолиятини қайта тикладик. Ҳозирда Халқаро бильярд федерациясига аъзо бўлиш ишларини олиб боряпмиз. Ўртада эпидемиологик вазият туфайли фаолиятимиз бироз тўхтаганди. Шундай бўлса-да, ўтган йиллар давомида юртимиз бильярдчилари бир қатор халқаро мусобақаларда иштирок этди ва совринли ўринларни қўлга киритди. Айниқса, хавфсизлик хизмати фахрий ходимлари ўртасида Россия, Беларусь, Қозоғистон давлатларида ўтган МДҲ чемпионатида вакилларимиз доимий тарзда совриндор бўлиб келмоқда.
– Бугунги кунда мамлакатимизда бильярд билан шуғулланувчилар сони қанчани ташкил этади?
– Бундан 20 йиллар муқаддам шуғулланувчилар сони бўйича маълумотлар туплаб бориларди. Ҳозирда аниқ статистик маълумотлар йўқ ҳисоби. Олтита вилоятда федерация бўлимларини ташкил этдик. Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида икки бор Тошкентда ҳаваскорлар ўртасида Марказий Осиё очиқ чемпионатини ўтказдик. Унда снукер бўйича профессионаллар ўртасида жаҳон рейтингида 89-ўринни эгаллаб келаётган Англия фуқароси Хаммад Миахнинг қатнашганлиги эътиборли бўлди.

Шу ўринда айтишим лозим, Тошкентда Марказий Осиёда биринчи снукер клуби ташкил этилди. Шу йўналишда май ойининг охирида ҳаваскорлар ўртасида очиқ турнир ўтказдик. Унда Хитой, Англия, Канада, Қирғизистон, Афғонистон ва Ўзбекистоннинг 32 нафар спортчиси қатнашди. Муросасиз баҳслар натижасида қирғизистонлик Симик Ураимов 1-ўринни, ҳамюртларимиз Сардор Мирзажонов, Алишер Шарафуддинов ва Ойбек Агзамхаджаевлар кейинги ўринларни эгаллашди. Айни кунларда Тошкентдаги снукер клуби фаолиятини янада ривожлантириш, ёшларни ушбу йўналишга жалб этиш борасида ишларни олиб бормоқдамиз.
– Бильярд ўйини кимлар учундир тадбиркорликнинг бир йўналиши, яна кимларгадир қимор, баъзилар учун у санъат. Сизнинг-ча, бу қандай ўйин турига киради?
– Ҳақиқатан бильярдга ҳамма ўз қобилиятидан, қизиқишидан, дунё қарашидан келиб чиқиб баҳо беради. Бу – чин маънода санъат, керак бўлса, математика. Бильярд тўғрисида биринчи ёзилган китоб математикага оид бўлган. Ундаги ҳар бир шарнинг ҳаракатланиш тизими ҳисоб-китоблар билан кўрсатиб берилган. Бу ўйин спорт. У инсонни мушоҳада юритишга, ҳаракатлар нуқтасини тўғри белгилашга, идрокни жамлашга ўргатади. Бильярд билан чинакамига қизиққан инсонлар унинг фалсафасини англайди.
Юртимизда бошқа спорт ва ўйин йўналишлари қатори бильярдга ҳам эътибор қаратилаётганлиги учун аввало давлатимизга, кенг спорт жамоатчилигига Ўзбекистон бильярд федерацияси аъзолари, жонкуярлари номидан миннатдорлик билдираман.
– Самимий суҳбат учун раҳмат.
Тўлқин РЎЗИЕВ суҳбатлашди, ЎзА