Республика ўрта тиббиёт ходимлар малакасини ошириш ва ихтисослаштириш маркази Навоий вилояти филиалида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Навоий вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” томонидан “Дурдона” лойиҳаси доирасида “Китоб – маънавият булоғи” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Дунёни фақат билим билан забт этиш мумкинлиги бугунги кунда ҳеч кимга сир эмас. Билимни чуқур эгаллашнинг йўли эса битта – бу ҳам китоб ўқишдир.


Тадбирда инсон ҳаётида китобнинг тутган ўрни, китобхонлик маданияти хусусида сўз юритилди. Аҳолини, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни китобга ошно этиш, китоб мутолаасини одобнинг ажралмас меъёрларидан бирига айлантириш, улуғ аждодларимизнинг бой илмий ва адабий мероси билан таништириб бориш “Дурдона” лойиҳасининг асосий мақсади эканлиги таъкидланди.

Тадбир сўнггида фаол иштирок этган ўрта тиббиёт ходимларига китоблар тақдим этилди.
Албатта, бу каби тадбирларнинг тез-тез ўтказилиши китобхонликни аҳоли онгига сингдириш билан бир қаторда уларнинг маънавияти ва салоҳиятини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири