Билимлилар «Заковат» тарозисига «тортилди»
30 июнь – Ўзбекистон Республикаси ёшлари куни муносабати билан Навоий кон-металлургия комбинати ҳамда «Навоий кон-металлургия комбинати жамғармаси» давлат муассасаси ҳамкорлигида Навоий шаҳридаги «Фарҳод» маданият саройида 13 та жамоадан иборат «Заковат» ҳамда «Что? Где? Когда?» интеллектуал ўйинларнинг «НКМК кубоги» финал босқичи бўлиб ўтди.
...»Комбинатимиз ишчи-ходимларининг 30 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этади. Пандемия даврида кўплаб масофавий танловлар, жумладан «Оnline-kitobxon” китобхонлик танловини ташкил этдик.
Китобдаги мантиқий саволлар асосида ёшларимиз қалбига қўл солиб кўрдик. Саволлар орқали уларнинг кайфиятини аниқлаб олдик. Мисол учун, Р.Ҳамзатовнинг «Менинг Доғистоним» асаридаги тоғлик аварлар ўз тупроқларини меҳмон кўзидан қизғаниб, уни тоғи-тош устида меҳмон қилишидек урф-одат билан боғлиқ, Ў.Ҳошимовнинг «Икки эшик ораси» асаридан эса урушга кетаётган Кимсаннинг халтасига солинган оғиздаги пилла касаллигига қарши аччиқтош ҳақидаги саволлар китобхонлар олқишига сабаб бўлди.
Демак, умуминсоний қадриятлар эъзозда. Биз мана шу қадриятлар бардавомлиги учун масъулмиз»,дейди Навоий кон-металлургия комбинати ёшлар етакчилари Кенгаши раиси С. Ражабов.
Якуний натижаларга кўра, «Заковат» интеллектуал ўйинида 5-кон бошқармаси ва Навоий машинасозлик заводи жамоалари фахрли учинчи ва иккинчи ўринларни эгаллашди.
Ғолиблик «Навоий кон-металлургия жамғармаси» давлат муассасасининг «Дўстлик» агрофирмасининг зукко ёшларига насиб этди.
Шунингдек, «Что? Где? Когда?» интеллектуал ўйинида Марказий кон бошқармаси жамоаси ғолиб бўлган бўлса, Навоий машинасозлик заводи жамоаси иккинчи, 5-кон бошқармаси жамоаси эса учинчи ўринга муносиб топилди.
Бундан ташқари, «Оnline-kitobxon” танлови ғолибларига диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
«Навоий кон-металлургия жамғармаси» жамоасининг илк ғалабаси улкан муваффақиятлар сари етакласин.
Жонибек Шуҳратов,
«НКМК жамғармаси» давлат муассасаси
маънавий-маърифий ишлар
ва давлат тили бўйича хизмати муҳандиси