Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Билимли мутахассисга иш топилади

4 август куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида давлат хизматини ислоҳ қилиш ва бошқарувда натижадорликни оширишга бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳар бир вазирлик ва ҳокимлик кадрлар танлашни олийгоҳлардан бошлаши зарурлиги таъкидланди.

Ушбу йўналишда Самарқанд вилояти Булунғур туманида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, яқинда туман ҳокими Самарқанд давлат ветеренария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети ҳамда Самарқанд давлат чет тиллари институтига бориб, булунғурлик битирувчи талабалари билан учрашган ва уларни туманда ишлашга таклиф қилган эди.

Бугун эса давлат раҳбари томонидан берилган топшириқлардан келиб чиқиб, олий таълим муассасалари битирувчилари орасидан вилоят ҳокимлиги истиқболли кадрлар захирасига саралаб олинган ёшлар билан учрашув ўтказилди. Дастлаб, ёш мутахассисларга тумандаги давлат ташкилотлари фаолияти ва уларда мавжуд бўш иш ўринлари ҳақида маълумот берилди. Ишга кириш истагида бўлган ёшлар билан шартномалар тузилди.

[gallery-8183]

Туман ҳокими Самандар Астонов, вилоят ҳокимлиги ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбари Бехзод Рахматуллаев бугун Булунғурда ҳам ўз мутахассислигини пухта эгаллаган, замонавий илмлардан хабардор ёш мутахассисларга талаб юқорилиги, бундай кадрларга доим иш топилишини билдирди. Вилоят ҳокимлиги истиқболли кадрлар захирасига олинган ва айни пайтда вилоят ва туман даражасидаги идораларда фаолият кўрсатаётган ана шундай ёшлар мисолида бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Учрашувда заҳирага олинган ёш мутахассисларнинг бандлигини таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди. Бунда ҳар бир ёшга йўналишига кўра масъуллар – ҳоким ўринбосарлари бириктирилди. Улар ёшларнинг нафақат бандлигини таъминлаш, балки келгусида лавозимда ўстириш масалаларига ҳам эътибор қаратади, “устоз-шогирд” тамойили асосида ишни ташкил этади.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА