Сирдарё вилоятида ҳам 2025-2026 ўқув йили учун олий ва профессионал таълим муассасаларига қабул бўйича тест синовлари бошланди. Ушбу муҳим жараён белгиланган тартиб ва талаблар асосида ўтказилмоқда.
Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг Сирдарё вилояти бўлими маълумотларига кўра, жорий йилда ҳудуддан 21 минг 409 нафар абитуриент бакалавриат таълим йўналишлари бўйича тест синовларида иштирок этмоқда.
– Тест синовлари Гулистон шаҳридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг вилоят бўлими биносида ўтказилмоқда, – дейди агентликнинг Сирдарё вилояти бўлими бошлиғи Алишер Баҳромов. – Барча ташкилий ишлар белгиланган меъёрлар асосида амалга оширилди. Абитуриентлар учун қулай, хавфсиз ва шаффоф муҳит яратилди.
[gallery-24307]
Тест синовлари ҳар куни икки сменада — соат 08:00 дан 11:00 гача ва 15:00 дан 18:00 гача ташкил этилмоқда. Ҳар бир сменада 1 минг 200 нафар, бир кунда эса 2 минг 400 нафар абитуриент синовда иштирок этяпти. Тест жараёнлари вилоятда 23 июлгача давом этади.
Имтиҳонларнинг адолатли ва ошкора ўтишини таъминлаш мақсадида тест ўтказилаётган бинолар видеокузатув тизимлари билан тўлиқ жиҳозланган. Шу билан бирга, ота-оналар ва кенг жамоатчилик учун онлайн кузатув имконияти ҳам яратилган.
Ғулом Примов, Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат) ЎзА мухбирлари