Билимдан инновацияга, ғоядан натижага: университетлар янги босқичда
Дунёда иқтисодий тараққиётнинг янги босқичи илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги масофа қисқарган жойларда юзага келмоқда. Бугун университет фақат диплом берадиган таълим муассасаси эмас.
Ундай таълим даргоҳларида янги ғоя туғилади, илмий тадқиқот амалий ечимга айланади, технология яратилади, стартап шаклланади ва энг муҳими, бу жараён янги иш ўринлари ҳамда иқтисодий қийматга олиб келади.
Бугун, 2 сентябрь Ўзбекистонда янги ўқув йилининг илк куни. Олий таълим муассасаларида эса 7 сентябрдан 1-босқич талабалари аудиторияларга қайтса, 14 сентябрдан 2-босқич ва ундан юқори курс талабалари учун дарслар бошланади.
Янги ўқув йилининг илк кунлари таълим тизими олдида турган вазифаларга яна бир бор эътибор қаратади. Зеро, бугун университет фақат билим берувчи эмас, балки илм-фан, инновация ва замонавий технологиялар ривожига хизмат қилувчи муҳим масканга айланмоқда.
Ўзбекистонда олий таълим ва илм-фан тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг кейинги босқичи ҳам ана шу мақсадга қаратилган.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2026 йил 3 апрель куни олий таълим, фан ва инновациялар тизимини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинган эди. Унда энди асосий эътибор таълим қамровини кенгайтириш билан бирга, мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш, илм-фанни иқтисодиёт билан боғлаш ва университетларни тадқиқот ҳамда инновациялар марказига айлантиришга қаратилиши таъкидланди.

Бу вазифалар 2026 йил 10 апрелда қабул қилинган Президент фармонида ҳам аниқ механизмлар билан белгилаб берилди. Ҳужжатда олий таълим, илм-фан ва инновациялар тизимини “5Т” – таълим, тарбия, тадқиқот, тижоратлаштириш ва тизимли такомиллаштириш тамойиллари асосида ривожлантириш назарда тутилган.
Ушбу ёндашувнинг энг муҳим жиҳатларидан бири университет, илмий муассаса ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни янги даражага олиб чиқиш. “U10 – Ўзбекистоннинг глобал илғор университетлари” дастури доирасида рақобат асосида 10 та олий таълим муассасасига миллий тадқиқот университети мақомини бериш белгиланган. Улар атрофида илмий кластерлар ташкил этилади. Бундай кластер таркибига миллий тадқиқот университети билан бирга ҳудуддаги бошқа олий таълим муассасаси, нуфузли хорижий университет, илмий ташкилот ва тегишли тармоқ ёки саноат корхонаси кириши мумкин.
Бу оддий ҳамкорлик эмас. Университетда яратилган ғоя лаборатория деворлари ичида қолиб кетмаслиги, илмий натижа корхонага етиб бориши, корхонадаги муаммо эса олим учун янги тадқиқот мавзусига айланиши кўзда тутиляпти. Энг муҳими, илмий кластерлар лойиҳаларини молиялаштириш учун Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан 150 миллиард сўмгача маблағ ажратилиши мумкин. Лойиҳалар профессор-ўқитувчи ва тадқиқотчилар салоҳияти, халқаро ва миллий рейтинглардаги ўрин, илмий инфратузилма ҳамда ҳамкорларнинг қўшма молиялаштириш имкониятлари асосида танланади.
Бу маблағнинг аҳамиятини фақат рақам билан ўлчаб бўлмайди. Агар илмий ғоя ишлаб чиқаришда қўлланса, янги маҳсулот пайдо бўлади. Янги маҳсулот эса бозор, экспорт, инвестиция ва иш ўринларини англатади. Яъни университетда бошланган тадқиқот охир-оқибат иқтисодиётда ўз аксини топиши керак.
Янги ёндашувда университетнинг фаолияти ҳам натижа билан ўлчанади. 2027 йил 1 январдан бошлаб олий таълим муассасаларини молиялаштиришни уларнинг миллий рейтингдаги натижалари билан боғлаш назарда тутилган. Рейтингда таълим сифати билан бир қаторда илмий фаолият, халқаро ҳамкорлик, рақамлаштириш, битирувчиларнинг иш билан таъминлангани каби кўрсаткичлар ҳам инобатга олинади.
Бу ерда битирувчининг тақдири алоҳида аҳамият касб этади, чунки университет фаолиятининг ҳақиқий натижаси аудиториядаги талабалар сони ёки берилган диплом билан эмас, уларнинг олган билими қаерда ва қандай ишлаётгани билан ҳам белгиланади. Шу мақсадда “Карьера” электрон платформаси, “Битирувчи сифати индекси”ни жорий этиш режалаштирилган. Талабанинг таълим давридаги натижалари эса рақамли шаклда жамланадиган “талабанинг рақамли паспорти” орқали кузатиб борилади. Бундай тизим талаба учун ҳам муҳим. У билими, кўникмаси ва ютуқларини иш берувчига аниқ кўрсата олади. Иш берувчи эса керакли мутахассисни тасодифий танлов эмас, унинг реал салоҳияти асосида излайди.
Олий таълим ислоҳотларининг яна бир муҳим жиҳати илмий тадқиқотларнинг амалий натижадорлигини ошириш. Янги тизимда илмий лойиҳаларнинг технологик тайёрлик даражасини баҳолаш, сунъий интеллект ёрдамида илмий экспертизани такомиллаштириш, ёшларни инновацион фаолиятга жалб этиш, стартапларни инкубация ва акселерация қилиш механизмлари кучайтирилади. Олий таълим муассасаларида эндовмент жамғармаларини ташкил этиш ва инвестицияларни жалб қилиш имкониятларини кенгайтириш ҳам назарда тутилган. Аслида, бу жараён ғоя, тадқиқот, технология, стартап, маҳсулот, бозор занжирни шакллантиради.

Энди тадқиқотнинг бошиданоқ унинг технологик тайёрлиги, тижоратлаштириш имконияти ва иқтисодий самарасига эътибор қаратилиши белгиланмоқда.
Президент 2026 йил 25 май куни илмий кадрлар тайёрлаш ва илм-фанни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилган йиғилишда ҳам илмий тадқиқотларнинг амалий аҳамияти, илмий кадрлар сифати, академик ҳалоллик ва замонавий бошқарув масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Бу ўзгаришлар аллақачон янги авлод мутахассисларини тайёрлашга ихтисослашган таълим муассасалари мисолида кўрина бошлади. 2026 йил 22 июль куни Президент “Cyber University” фаолияти билан танишди. Муассасада қарийб 1 минг талаба таҳсил олмоқда. Бу ерда ахборот ва киберхавфсизлик, сунъий интеллект ва робототехника, киберҳуқуқ, рақамли криминалистика, кибериқтисодиёт каби йўналишларда 8 та бакалавриат ва 2 та магистратура дастури йўлга қўйилган. Қайд этилишича, бу рақамлар ортида мамлакат рақамли иқтисодиёти учун зарур кадрлар турибди. Чунки технология қанчалик тез ривожланмасин, уни яратадиган, бошқарадиган ва хавфсизлигини таъминлайдиган мутахассис бўлмаса, натижа кутилган даражада бўлмайди. Шу боис таълим муассасаларида робототехника, сунъий интеллект, рақамли технологиялар, киберхавфсизлик каби йўналишларнинг кенгайиши меҳнат бозоридаги янги талабга жавобдир.
Ўзбекистон олий таълим ва илм-фанни ривожлантиришда халқаро ҳамкорликни ҳам янги мазмун билан бойитмоқда. Япония билан ҳамкорлик доирасида сунъий интеллект ва рақамли технологиялар, қишлоқ хўжалиги ва сув ресурслари, “яшил” энергетика, сейсмология ва “ақлли шаҳар” каби йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масаласи муҳокама қилинди. Университетлар ўртасида инновацион консорциумлар ташкил этиш, муҳандислик таълимини такомиллаштириш ва таълим дастурларига сунъий интеллект технологияларини кенг жорий қилишга эътибор қаратилди. Бундай ҳамкорликнинг қиймати хорижий диплом ёки қўшма тадбирлар билан чекланмайди. Асосий натижа илғор тажриба, янги технология ва тадқиқот маданиятининг мамлакатга кириб келишидир.
– Олий таълим тизимидаги янги ёндашув айнан интеллектуал салоҳиятни кучайтириш ва илм-фанни амалиёт билан боғлаш нуқтаи назаридан баҳоланади, – дейди академик Шуҳрат Сирожиддинов. – Айтайлик, “5 Т” тамойили университетларни халқаро рақобатбардош марказларга айлантиришга хизмат қилади. Бунда таълим, илм-фан ва ижтимоий амалиёт ўртасидаги узилишларни бартараф этиш муҳим. Замонавий тадқиқот реал иқтисодий эҳтиёжларга жавоб бериши ва тижоратлаштирилиши керак. Университетлар иқтидорли ёшлар учун интеллектуал марказга айланиши лозим.
Бугун университетнинг эшиги аудиториядан корхонага, лабораториядан бозорга очилиши керак. Талаба олган билимини ишга сола олиши, олимнинг кашфиёти амалиётга етиб бориши, тадбиркор эса университетда яратилган технологияни ишлаб чиқаришга жорий қилиши ислоҳотларнинг энг муҳим натижаларидан бири бўлади.
Кечаги университет асосан кадр тайёрлаган бўлса, бугунги олий таълим даргоҳлари кадр билан бирга ғоя, технология, стартап ва иқтисодий қиймат ҳам яратиши керак. Ана шунда олий таълим тизими мамлакат тараққиётини кузатиб борувчи эмас, балки уни олдинга бошловчи кучга айланади.
Дилшод ҲАКИМОВ, ЎзА мухбири