Билим ва нотиқлик беллашувида ғолиблар аниқланди
Сирдарё вилоятида ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлиги, мантиқий тафаккури ва нотиқлик маҳоратини намоён этишга қаратилган «Адолат дебати» лойиҳасининг вилоят босқичи якунланди. Беллашувда жамоалар билим, мантиқ ва асосли далиллар орқали ўз салоҳиятини синовдан ўтказди.
Вилоят Ёшлар марказида ўтказилган тадбир Сирдарё вилояти Ёшлар ишлари бошқармаси, Адлия бошқармаси, Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамда Гулистон давлат университети ҳамкорлигида ташкил этилди.


Беллашув иштирокчилари «Сунъий интеллект судьяларнинг ўрнини эгалласа, адолат янада мукаммал бўладими?» мавзусида баҳс олиб бордилар. Улар сунъий интеллектнинг одил судлов тизимидаги имкониятлари, инсон омилининг аҳамияти, холислик ва адолат мезонлари юзасидан ўз фикрларини билдириб, ҳуқуқий асослар ҳамда мантиқий далиллар билан позицияларини ҳимоя қилдилар.

Қизғин баҳс-мунозаралар ёшларнинг мустақил фикрлаш, таҳлил қилиш, ўз қарашларини ишончли баён этиш ва жамоада ҳамкорликда ишлаш кўникмаларини намоён этиш учун муҳим майдон бўлди.

Якуний натижаларга кўра, «Наврўз» жамоаси биринчи ўринни эгаллаб, биринчи даражали диплом билан тақдирланди. «Тамал» жамоаси иккинчи, «Ёшлар» жамоаси эса учинчи ўринга сазовор бўлиб, тегишли даражадаги дипломларни қўлга киритди.

Тадбир доирасида «Адолат дебати» лойиҳаси гуруҳлари фаолиятини мувофиқлаштириш масаласига ҳам эътибор қаратилди. Сирдарё вилояти координаторлари ҳудудий ишчи гуруҳ томонидан суҳбат асосида иштирокчилар орасидан саралаб олинди. Уларга Ёшлар ишлари агентлиги томонидан тайёрланган махсус кўкрак нишонлари ва сертификатлар топширилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири