Билим ва маҳорат — самарали иш гарови
Гулистон олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида Сирдарё вилояти Спорт бошқармаси тизимида фаолият юритаётган кадрлар ва масъул ходимлар учун навбатдаги ўқув-семинар ташкил этилди.
Семинарда кадрлар билан ишлаш ва инсон ресурсларини бошқариш, юридик масалалар ва меъёрий-ҳуқуқий талаблар, ERP тизимидан самарали фойдаланиш ва рақамлаштириш, PR, ахборот фаолияти ҳамда медиа-мониторинг каби долзарб йўналишлар ҳақида сўз юритилди.

Машғулотлар давомида иштирокчиларга назарий маълумотлар билан бир қаторда амалий тавсиялар ҳам берилди. Хусусан, кадрлар билан самарали ишлаш, ҳужжатларни тўғри юритиш, рақамли технологиялар имкониятларидан унумли фойдаланиш ва ахборотни жамоатчиликка тезкор ҳамда сифатли етказиш масалаларига эътибор қаратилди.

Семинарда Сирдарё вилояти Спорт бошқармаси Инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш шўъбаси бошлиғи Хонзода Абдусаматова, бош юрисконсульт Дилфуза Рисбаева, АКТни жорий этиш ва рақамлаштириш шўъбаси бош мутахассиси Дамир Мусин ҳамда матбуот котиби Анвар Тўйчиев ўз йўналишлари бўйича иштирокчиларга зарур маълумот ва тушунтиришлар берди.


Айниқса, бугунги кунда ҳар бир соҳада рақамлаштириш жараёнлари жадал кечаётгани инобатга олиниб, ERP тизимидан самарали фойдаланиш ва иш жараёнларини замонавий технологиялар асосида ташкил этиш масалаларига алоҳида урғу берилди. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар билан ишлаш, жамоатчиликка ахборот етказишда тезкорлик ва масъулият масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Семинар якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, мутахассислардан батафсил жавоб олдилар.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири