Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда “Китобхон оналар” маърифий тадбири ташкил этилди.
Лойиҳанинг бу галгиси Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева ижодига бағишланди.
Адабий тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо, таниқли шоиралар Гулчеҳра Шаҳобиддин қизи, Фароғат Худойқулова, Гулжамол Асқарова, Шаҳло Аҳророва устоз шоира Ҳалима Худойбердиева ижодининг ўзига хос жиҳатлари хусусида батафсил тўхталдилар.
Ҳалимахоним ижоди исёнкор руҳи, ўзбек оналарининг орзу-армонлари, дард ва изтиробларини ўзида мужассам этгани билан қадрли. Устоз шоирамизнинг шеърияти наинки мамлакатимизда, балки туркий тилли давлатларда ҳам юксак эҳтиром билан мутолаа этилади.
Атоқли шоира Ҳалима Худойбердиева 1947 йил 17 май куни Боёвут туманида таваллуд топган. Тошкент давлат университети – ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини 1972 йилда тугатган.
Ҳалима Худойбердиева «Саодат» журналида адабий ходим, бўлим мудири (1972-75), бош муҳаррир ўринбосари ва бош муҳаррир (1982-94), Ёшлар нашриётида бўлим мудири (1978-82), Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раиси (1990-94), «Ёзувчи» нашриётида етакчи муҳаррир (1996-98), «Санам» журналида бош муҳаррир ўринбосари (1998-2003), 2004 йилдан «XXI аср» газетасида бўлим муҳаррири бўлиб ишлаган.
Унинг илк шеърлари ўқувчилик йилларида Янгиер туман газетасида босилган (1964). Шундан кейин унинг «Илк муҳаббат» (1968), «Оқ олмалар» (1973), «Чаман» (1974), «Суянч тоғларим» (1976), «Бобо қуёш» (1977), «Иссиққор» (1979), «Садоқат» (1983), «Муқаддас аёл» (1987), «Бу кунларга етганлар бор», «Ҳурлик ўти» (1993), «Тўмариснинг айтгани» (1996) «Йўлдадирман» (2005) ва бошқа шеърий китоблари нашр этилган. Ижодкор 1992 йилда “Ўзбекистон халқ шоири” унвонига сазовор бўлган.
Адабиётшуносларнинг фикрича, Ҳалима Худойбердиева ўзбек шеъриятига самимий инсоний туйғу ва фазилатлар — севги ва садоқат, меҳр ва мурувватни тараннум этувчи шоира, ўзбек хотин-қизлари орзу ва армонларининг куйчиси сифатида кириб келди. У дастлабки шеърий тўпламларидан бошлаб ўз ижодида аёл ва она образларининг сеҳрли қирраларини очишга, уларнинг нафақат жамиятнинг тўлақонли ва фаол аъзолари, балки шу жамиятнинг кўрки ва безаги эканини ифодалашга интилди.
Ҳалима Худойбердиеванинг шеърлари кўплаб хорижий тилларга таржима қилинган. Тўфон Миннуллиннинг «Алла» пьесаси Ҳалима Худойбердиеванинг авторлаштирилган таржимасида Ўзбек миллий академик драма театри саҳнасида қўйилган.
У Фазу Алиева, Сильва Капутикян, Ибройим Юсупов ижодидан таржималар қилган.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан кейинги йилларда Ҳалима Худойбердиева ижодини тарғиб этиш бўйича янги ташаббуслар илгари сурилмоқда. Шоира номи билан юритилувчи ижод мактаби ташкил этилди. Унинг китоблари Ёзувчилар уюшмаси томонидан муттасил нашр этилмоқда. Шеърияти юртимиз ёшлари томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда. Адабий анжуманлар ўтказилмоқда.
Тадбирда Ҳалима Худойбердиева ижоди хусусида батафсил сўз юритилди.
Н.Усмонова,
ЎзА мухбири