Санъат ҳаётнинг акси, аслида. Гап ижодкор уни қандай англашида. Айниқса, тасвирий санъатнинг карикатура жанри ғоят мураккаб ва рассомдан нафақат ранг-тасвир, балки иқтисодий, сиёсий, ҳатто ахлоқий чуқур билим талаб қилади.
Маҳмуджон Эшонқуловни таништиришга ҳожат йўқ. У дастлаб “Муштум” журналида ўзининг ижтимоий карикатуралари билан тилга тушди. У ўзи айтганидек кўп ўқиди, изланди.
[gallery-22783]
–Рассомчилик ҳақидаги китобларни ва бадиий адабиётни кўп ўқиганман. Шунинг ҳам таъсири бўлди, деб ўйлайман. Ҳатто мактабга бормасимдан дадам обуна бўлган “Муштум” журнали уйимизга келарди, унинг расмларини қайта чизишга ҳаракат қилар эдим, – дейди карикатурачи рассом Маҳмуджон Эшонқулов.
Бугун у Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси ва Дунё карикатурачи рассомлар иттифоқи (UWC)нинг аъзоси. Унинг карикатуралари Япония, Болгария, Сербия, Хитой, Италия, Польша, Туркия, Корея, Кипр, Хорватия ва Бразилия каби мамлакатларнинг юмор ва карикатура музейларида сақланмоқда. Мингдан зиёд хорижий китоб ва альбомларда ҳамда Дунё карикатура энциклопедиясида унинг ижодий ишларидан намуналар ва ўзи ҳақидаги маълумотлар эълон қилинган.
– Карикатура ва юмор фестиваллари, 2 мингдан ортиқ кўргазмаларда иштирок этганман, – дейди рассом. – Сербия ва Македонияда шахсий кўргазмам очилган. Юртим, Ўзбекистоним, Бешариғимни яхши кўраман. Бу ерда кўргазма очишимнинг сабаби ҳам шуки, ҳамқишлоқларим уни кўрсин, санъатга муҳаббати туғилсин.
<iframe width="791" height="445" src="https://www.youtube.com/embed/WQZbrsj37O4" title="Beshariqda taniqli rassom koʻrgazmasi ochildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ҳа, “Дўстлик” ордени соҳиби, машҳур карикатурачи Маҳмуджон Эшонқуловнинг асарлари кўргазмаси бу гал у туғилиб ўсган Бешариқда бўлиб ўтмоқда. Қисқа вақт ичида уни ўн мингдан зиёд аҳоли, ёшлар ва санъат шинавандалари ҳатто бошқа вилоятлардан келиб кўрдилар.
Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов(сурат, видео), ЎзА