Бешариқда импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда
Бешариқдаги “YASIN QURILISH MOLLARI” корхонасининг цемент маҳсулотини Ўзбекистонда яхши билишади. У мувофиқлик кўрсаткичларига тўлиқ мослиги, аралашмаси қотганда мустаҳкамлик даражаси юқорилиги билан қурувчилар ишончини қозонган. Лекин ҳозир гап “YASIN” бренди билан чиқаётган цемент ҳақида эмас.
Ўзбекистон мустақиллиги байрами арафасида бу ерда анъанавий ва янги турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи “YASIN HONBANG” корхонаси фаолиятини бошлаган эди. У тез орадаёқ тилга тушди. Сабаби яна маҳсулот сифати билан боғлиқ эди.

–Ўзбекистонда инвестицион муҳитнинг қулайлиги сабабли ҳамкорларимиз билан янги лойиҳаларни ишга солдик. Энди кафел клейлари, бино ички ва ташқи бўёқлари, шпокловкалар ҳамда ҳар хил қурилиш материаллари ишлаб чиқариляпти, – дейди “YASIN QURILISH MOLLARI” корхонаси директори Эркинжон Маҳмудов.
Булардан ташқари, қурилишда биноларни пардозлаш билан боғлиқ сувоқ, клей, сувбўёқ, ички ва ташқи девор бўёқлари, сувга чидамли ва сувюқтирмас бўёқлар, ҳатто тош бўёқларгача ўттиз турдаги маҳсулотлар етказиб бериляпти. Уларнинг аксарияти импорт ўрнини босувчи маҳсулотлардир.

–Кафел клейи намгарчиликни сақлаб туради. Юқорига чиқармайди, –дейди корхона раҳбари. –Бино бўёқлари нафақат чирой беради, балки улардан фойдаланиш муддатини узайтиради. Чунки улар ҳаво ўтказувчандир.

Биз бу каби қурилиш маҳсулотларини нега савдо дўконларида учратмаётганимиз сабабини сўрадик. Корхона раҳбари Эркинжон Маҳмудовнинг айтишича, маҳсулотлар Тошкент, Самарқанд, Навоий, Наманган вилоятларида катта-катта биноларда синовдан ўтди. Корхона хозирги кунда фақат буюртма асосида ишлаяпти.

Яна шуни қўшимча қилиш мумкинки, “YASIN HONBANG” қурилиш маҳсулотлари корхонаси лойиҳа қиймати бир миллион долларни ташкил этади. У йилига 40 минг тоннадан зиёд янги турдаги қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/NfmQxi800Zc?si=_vTqMS6rH3pHBa45" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов(видео,сурат),
ЎзА мухбирлари