Беш юз гектардан минг тонна ҳосил
Фермер хўжаликлари ва томорқа ерларидан унумли фойдаланишда ҳосилдорликни ошириш ва янги иш ўринлари яратиш ҳам эътиборда. Айниқса, тизимда янги турдаги қишлоқ хўжалиги экинларини синов тариқасида етиштириш долзарб масалалардан биридир
Фермер хўжаликлари ва томорқа ерларидан унумли фойдаланишда ҳосилдорликни ошириш ва янги иш ўринлари яратиш ҳам эътиборда. Айниқса, тизимда янги турдаги қишлоқ хўжалиги экинларини синов тариқасида етиштириш долзарб масалалардан биридир.
Шу мақсадда Ўзбекистон фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари кенгаши Самарқанд давлат университетининг селекционер олимлари билан кенг ҳамкорликни йўлга қўйди. Натижада ғалладан бўшаган майдонларда такрорий экин сифатида маржумак яъни гречиха етиштиришда борасидаги беш йиллик изланишлар яхши самара берди.
–Жорий йилда Пайариқ туманида 10 гектарда бу экинни етиштириш йўлга қўйилади, –дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари кенгаши вакили Шомирза Сафаров.–Шу мақсадда уруғлик тайёрлаш ишлари бошланди. Бунинг учун “қозон” ва “крупинка” навлари танланди. Улардан йилига икки марта ҳосил олса бўлади. Кейинги йилларда бу майдонлар босқичма-босқич кўпайтириб борилади. Бир йилдан кейин 200 гектар, кейинроқ 500 гектарга кенгайтириб, йилига минг тонна ҳосил йиғамиз.
Гречихадан ўртача 10-11 центнер ҳосил олса бўлади. Бу иккинчи ҳосил эканлигини эътиборга олсак, албатта бу яхши кўрсаткич. Шунингдек, мўл ҳосил олиш учун кўп харажат ҳам керак эмаслиги. Унга кимёвий воситалар ишлатилмайди. Кимёвий қўшимчалар йўқлиги туфайли у парҳез маҳсулот ҳисобланади. Унинг 60 кунда пишиб етилиши томорқа эгаларига ҳам қулайлик яратади. Баъзи экин турлари 160-200 кунда тайёр бўлади.
Қайд этиш керакки, у тезда ўсади ва вегитатив масса тўплайди. Айни пайтда у бошқа экинлардан фарқли равишда тупроқдан озуқа моддаларини жадал ўзлаштиради, масалан, буғдойга нисбатан икки баравар тез ўзлаштиради. Бу экин майдонларининг кенгайтирилиши озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш билан бирга валютанинг четга чиқиб кетишини олдини олади.