Бухоро вилояти Когон шаҳрида вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Мақсуд Маматханов оммавий сайёр қабул ўтказди. Унда Когон шаҳри ва тумани ҳамда Қоровулбозор тумани фуқаролари иштирок этди.
Аҳолини қийнаётган муаммоларни ўрганиш, мурожаатларини тинглаш ва жойида ҳал этиш секторларнинг олдида турган энг муҳим вазифалардан биридир. Айни шу мақсадда ўтказилган сайёр қабулда 30 нафардан ортиқ фуқароларнинг турли мазмундаги мурожаатлари тингланди. Сектор раҳбари томонидан назоратга олинди.
– Маҳаллани тоза ичимлик сув билан таъминловчи тармоқ носоз аҳволга келиб қолганлиги ҳамда уни таъмирлашга амалий кўмак беришни сўраб мурожаат қилдим, – дейди Когон тумани “Ҳукуматобод” маҳалласида яшовчи Аҳад Саидов. –Мурожаатим сектор ишчи гуруҳи томонидан атрофлича ўрганилиб, керакли маблағ ажратиладиган бўлди.
Сайёр қабулда нафақат Когон ҳамда Қоровулбозор туманларидаги фуқаролар балки Бухоро шаҳар фуқаролари ҳам қатнашди.
– 30 йилдан буён Бухоро шаҳар “Фурқат” кўчасида истиқомат қилдим, – дейди фуқаро Гуландон Фармонова. Ҳонадоним бузилишга тушиб ўрнига кўп қаватли уй-жой кўтарилди. Ачинарлиси, қурувчи беш йилдан буён компенсация пуллари тўлаб бермади. Бугунги сайёр қабулда ушбу муаммом ҳал бўлди. Қурувчи томонидан тўланиши керак бўлган 360 миллион сўмга яқин компенсация пуллари қонуний тарзда ундириб берилди.
Шу куни сайёр қабулда шу каби фуқаролар томонидан электр энергияси, ишсизликни бартараф этиш, қишлоқ ички йўлларини таъмирлаш, даволаниш, ишга жойлашиш, моддий ёрдам, тадбиркорлик, уй-жой ажратиш юзасидан масалалар кўтарилди.
Ҳар бир мурожаат тегишли соҳа масъуллари иштирокида кенг муҳокама қилиниб, уларни ҳал этиш чоралари кўрилди. Аксарият мурожаатлар жойида ўз ечимини топди. Қолган мурожаатлар бўйича муддат белгиланиб, ижроси вилоят 4-сектор раҳбари томонидан назоратга олинди. Шунингдек, фуқароларга мурожаатлар юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Зариф Комилов, ЎзА