Беш йиллик алимент пулини олдиндан тўлаб берди
Юртимиз умумтаълим мактабларида янги ўқув йили бошланишига ҳам саноқли кунлар қолди. Айни кунларда ота-оналар фарзандлари учун ўқув анжомлари, мактаб формалари, мавсумий кийимлар сотиб олиш билан банд. Бу эса албатта, мўмайгина маблағ талаб этади. Ажрашиб, фарзандларини ёлғиз тарбиялаётган оналар бу юмушларни адо этишда қийинчиликларга тўқнаш келишлари турган гап. Шу сабаб ҳам айнан мана шу даврда алимент пулларини ундириш бўйича фуқаролардан келиб тушадиган мурожаатлар сони кескин ортади.
– Мажбурий ижро бюроси Андижон вилояти бошқармаси, унинг шаҳар, туман бўлимлари томонидан алимент билан боғлиқ ижро ҳужжатлари ижросини таъминлаш, алимент пулларини ўз вақтида ундириш борасида зарур ишлар олиб борилмоқда, – дейди МИБ Шаҳрихон туман бўлими давлат ижрочиси Жамшидбек Юнусалиев. – Олиб борилаётган тарғибот, тушунтириш ишлари натижасида ундирув самарадорлиги ортиб, алимент пулларини олдиндан тўлаш истагини билдираётган фуқаролар сони ҳам кўпаймоқда.
Фуқаролик ишлари бўйича Бўстон туманлараро судининг буйруғига асосан, шаҳрихонлик қарздор ота Б.Х.дан собиқ турмуш ўртоғи Д.М. фойдасига бир нафар фарзандининг таъминоти учун алимент ундирилиши белгиланган.
Тушунтириш ишларидан сўнг қарздор Б.Х. жорий йил август ойидан 2028 йил август ойига қадар, яъни беш йиллик давр учун ҳисобланган 66 миллион 245 минг 939 сўм миқдордаги алимент пулини олдиндан тўлаб берди.
Фарзанд таъминоти учун моддий ёрдам кўрсатиш ҳар бир отанинг ҳам инсоний, ҳам қонуний бурчи ҳисобланади. Оталар ана шу бурчни асло унутмасликлари, ҳар қандай вазиятда зиммаларидаги масъулиятни адо этишлари лозим.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА