"Беш ташаббус паралимпиадаси" истеъдодли ёшларни кашф этди
Тошкентдаги "Олимпия шаҳарчаси"да алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари ўқувчилари ўртасида ўтказилган "Беш ташаббус паралимпиадаси"нинг иккинчи мавсум Республика финал босқичи мусобақалари матонат ва ирода соҳибларига катта спорт байрамини туҳфа этди.
Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Ногиронлиги бўлган шахсларни спортга жалб этиш орқали жисмоний реабилитация қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган икки кунлик муросасиз баҳсларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 400 нафарга яқин ўқувчи-ёшлар пара стол тенниси, пара енгил атлетика, пара бадминтон, шахмат ва шашка бўйича куч синашди.


Чинакамига сабр, ирода ва жасорат майдонига айланган мусобақалар якунига кўра, умумжамоа ҳисобида 5 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза медалини қўлга киритган Бухоро вилояти вакиллари 1-ўринни эгаллади. Ўз истеъдодини намойиш этиб, 5 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медалига эга чиққан Тошкент ва 3 та олтин, 4 та кумуш медалига сазовор бўлган Андижон вилояти вакиллари кейинги поғоналарни банд этди.


Ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросимида иштирок этган мутасаддилар ўтказилган "Беш ташаббус паралимпиадаси" ўйинларида иқтидорини намойиш этганлар халқаро мусобақаларда Ватанимиз шарафини ҳимоя қиладиган спортчилар бўлиб етишишига тилак билдирди.
Т.Рўзиев, ЎзА