“Бeш ташаббус паралимпиадаси” ғолиблари
Шу кунларда ёшлар ўртасида “Бeш ташаббус олимпиадаси” ўйинларининг туман ва шаҳар босқичлари ўтказилмоқда. Ушбу олимпиадада ногиронлиги бўлган ёшлар ҳам фаол иштирок этмоқда.
Навоий вилоятида “Бeш ташаббус паралимпиадаси” мусобақаларида маҳаллаларда иштирок этиш истагини билдирган 795 нафар ногиронлиги бўлган ёш рўйхатга олинди. Мусобақалар уч босқичда, 6 та – пара енгил атлетика, пара стол тенниси, аравачада стол тенниси, пара шахмат, пара шашка ва бадминтон турларидан бўлиб ўтмоқда.
Навоий шаҳрида мазкур мусобақаларда иштирок этиш истагини билдирган 80 нафардан ортиқ ногиронлиги бўлган ёш белгиланган ёш тоифасида ўзаро беллашди.
[gallery-17074]
– Бугунги кунда мен каби имконияти чекланган ёшларнинг иқтидорини намойиш қилиш учун барча шароит яратиб берилаётганлигидан хурсандман, – дейди Бинокор маҳалласида истиқомат қилувчи Муҳаммад Асадов. – 16-30 ёш тоифасида пара шахмат спорт турида ўз омадимни синаб кўрдим. Бу мусобақаларда нафақат ғолиблик учун курашамиз, балки дўстлар орттириб, ўзаро суҳбатлашамиз ва спорт билан шуғулланиш учун тажриба ҳам алмашамиз. Бугунги мусобақада 1-ўринни қўлга киритиб, вилоят босқичига йўл олдим.
Шунингдек, мусобақанинг Кармана туман босқичи ҳам бўлиб ўтди. Унда маҳаллалардан келган 60 га яқин ногиронлиги бор ёш ўз маҳоратини синовдан ўтказди.
Қизиқарли ўтган мусобақалар якунида барча спорт турлари бўйича ғолиблар аниқланди ва улар вилоят босқичига йўлланмаларни қўлга киритишди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат),
ЎзА мухбирлари