“Беш ташаббус паралимпиадаси” ғолиблари
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2022 йил 11 апрелдаги “Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларига мувофиқ таълим муассасалари, маҳалла ва қишлоқларда параспорт мусобақалари ташкил қилинмоқда.
“Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” давлат дастурига кўра, Бухоро вилояти Шофиркон туманида юқори даражада ташкил этилган мусобақада ҳудуддаги 50 та маҳалла фуқаролар йиғинидан 50 нафардан ортиқ имконияти чекланган ёш иштирок этди. Спортнинг 5 та туридан уч босқичда бўлиб ўтган мусобақада спортсевар йигит-қизлар енгил атлетика, стол тенниси, аравачада стол тенниси, шахмат-шашка турларидан ўз имкониятларини синовдан ўтказди.



Тадбирни ўтказишдан мақсад маҳалла ва қишлоқларда яшовчи навқирон авлод, яъни 16-30 ёшлардаги жисмоний имконияти чекланган, ногиронлиги бўлган йигит-қизлар ўртасида “Беш ташаббус паралимпиадаси”ни тизимли ташкил этиш орқали соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, баркамол авлоднинг ижтимоий ҳаётга мослашув жараёнини тезлаштириш ҳамда уларни оммавий спортга жалб этишни янги босқичга олиб чиқишдир.


Туман ҳокимлиги, “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган “Беш ташаббус” спорт мусобақалари доирасида ўсмирлар ўртасида ўтказилган шашка баҳсида Акбаршоҳ Рафиқов биринчи, Муроджон Тўлаев иккинчи, Улуғбек Абдуллаев учинчи ўринни эгаллади. Қизлар ўртасидаги шашка мусобақасида эса Саида Сафоева биринчи, Фазилат Ашрапова иккинчи, Дилнура Фурқатова учинчи ўринни банд қилди.Шахмат, стол тенниси ва енгил атлетика мусобақаларида Дилшод Дилмуродов, Шохруҳ Ахтамов, Зебинисо Аҳророва, Жонибек Фарҳодов, Миржалол Қосимов, Азизбек Жомуродовларнинг қўллари баланд келди.


“Беш ташаббус паралимпиадаси” ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан рағбатлантирилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири