Бухорода олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказилган “Беш ташаббус олимпиадаси” мусобақасининг республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.
Жорий йилнинг 2-5 ноябрь кунлари Бухоро шаҳрида “Беш ташаббус олимпиадаси" олий таълим муассасалари талабалари ўртасида спортнинг 5 тури бўйича ўтказилган мусобақаларнинг республика босқичи ғолибларини тақдирлаш ва олимпиаданинг ёпилиш маросими бўлиб ўтди.
Спортнинг енгил атлетика, мини-футбол, стритбол, волейбол ва стол тенниси турлари бўйича ўтган республика босқичи тақдирлаш жараёнини олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг ўринбосари Сарвархон Бузрукхонов очди.
“Беш ташаббус” олимпиадаси олий таълим муассасалари талабалари ўртасида бўлиб ўтган мусобақаларда умумий ҳисобда Тошкент вилояти 3 та олтин, 1 та кумуш медаль билан 1- ўринни, Бухоро вилояти 2 та олтин, 1 та кумуш медаль билан 2 - ўринни, Хоразм вилояти 1 та олтин, 2 та кумуш медаль билан 3-ўринни эгаллади.
– “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг республика босқичида спортнинг енгил атлетика тури бўйича Бухоро давлат педагогика институти терма жамоаси 4 та олтин медаль билан умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади, – дейди институт ректори Баҳодир Маъмуров. –Талабаларимиз республикада мутлақ тенгсиз эканлигини исботлади.
Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтган Осиё ва Пара Осиё ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган Бухоро вилоятининг 6 нафар спортчиси ҳам тақдирланди.
Тадбирда Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икрамов иштирок этди.
Маълумот учун: “Беш ташаббус олимпиадаси” Президентимизнинг 2022 йил 11 апрелдаги “Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ташкил этилган бўлиб, бу йил иккинчи маротаба ўтказилмоқда.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари