Бухорода Ёшлар ишлари агентлиги тизимидаги ходимларининг малакасини ошириш ва уларнинг фаолиятига услубий кўмаклашиш ҳамда йил давомида амалга оширилиши режалаштирилган устувор вазифаларни белгилаб олиш мақсадида Республика ўқув семинари ўтказилди.
Ўқувда беш ташаббус лойиҳаларини мувофиқлаштириш бўйича масъул бўлган 14 нафар ҳудудий мутахассислар, 208 та туман-шаҳар масъуллари қатнашди.
Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир ҳудудий мутахассисларни иккинчи бор ташкил этиладиган беш ташаббус олимпиадаларига муносиб тайёргарлик кўришларига ёрдам бериш, шунингдек, уларнинг кўникмаларини ошириш, ўзаро тажриба алмашишларини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Ўқув семинарнинг илк кунида “Шахсий психологик ривожланиш”, “Бошқарув кўникмаларини шакллантириш”, “Лойиҳа бошқаруви усуллари” каби мавзуларда мастер-класслар, интерактив дарслар ўтилган бўлса, иккинчи кунда дастурга мувофиқ мутахассислар томонидан Беш ташаббус доирасидаги тадбирларни ўтказиш жараёнида аҳамият берилиши керак бўлган жиҳатлар юзасидан фикр алмашилди.
[gallery-8109]
Шунингдек, семинар иштирокчилари орасида IТ ва АКТ йўналишида танловларни ташкил этиш тўғрисида тушунчалар берилиб киберспорт мусобақаси ташкил этилди. Аҳамиятлиси ўқув семинар доирасида Бухоро вилоятининг диққатга сазовор гўшаларидан бўлган Пойи Калон мажмуасида шахмат мусобақаси ўтказилди. Беш ташаббус олимпиадасининг иккинчи мавсумида ташкил этилиши кўзда тутилган спорт мусобақаларини ўтказишда аҳамият берилиши керак бўлган жиҳатлар юзасидан маърузалар ўқилди.
– Бухорога илк маротаба келишим, – дейди ўқув семинар иштирокчиси Толиб Иброҳимов. – Бухоролик дўстларимнинг меҳмондўстлиги менга жуда ёқди. Семинар ҳақида тўхталадиган бўлсам беш босқичли беш ташаббус олимпиадасининг биринчи мавсумини ўтказиб олдик. Иккинчи мавсуми сентябрда ўтказилиши режалаштирилмоқда. Ушбу ўқувдан ҳам асосий мақсад мана шу олимпиаданинг биринчи мавсумида йўл қўйилган камчиликларни сарҳисоб қилиб, иккинчи мавсумга пухта тайёргарлик кўришдан иборат. Биз қилаётган ишлар ҳар бир маҳалла, кўча, ва албатта ёшларнинг ичига кириб бориши керак. Мақсадимиз эса ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдир.
Беш кун давом этган ўқув семинар якунида иштирокчиларга сертификатлар берилди.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА