“Беш ташаббус олимпиадаси” кашфиётлар майдони
Ёшларга қаратилаётган юксак эътибор намунаси сифатида жойларда ўтказилаётган “Беш ташаббус олимпиадаси” тобора кенг қулоч ёймоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда давлатимиз раҳбари раислигида оммавий спортни ривожлантириш чора-тадбирларига бағишланган йиғилишда илгари сурилган ташаббуслар ижросини таъминлаш мақсадида юртимизнинг барча ҳудудларида 5 та ёш тоифасида 9 та спорт тури бўйича ёшлар ўртасида “Беш ташаббус олимпиадаси” спорт мусобақалари қизғин давом этмоқда.
Жумладан, Сирдарё вилоятида ҳам “Беш ташаббус олимпиадаси” вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида 10 апрелдан эътиборан 2 та ёш тоифаси – 7 ёшдан 10 ёшгача ва 11 ёшдан 15 ёшгача бўлган ўғил-қизлар ўртасида кўчабай тарзида ташкил этилиб, “Қувноқ стартлар”, шахмат-шашка, енгил атлетика, мини-футбол, стол тенниси турлари бўйича мусобақалар ўтказилиб, спорт турлари бўйича маҳалла жамоалари шакллантириб олинди.
Мусобақалар 267 та спорт залларида, 291 та мини-футбол майдонларида ҳамда 100 дан ортиқ очиқ спорт иншоотларида ўтказилди. Спорт тадбирлари натижасида ҳудудлардаги ёшлар етакчилари, умумтаълим мактабларининг жисмоний тарбия фани ўқитувчилари ҳамда болалар-ўсмирлар спорт мактаблари тренерлари бир истак – истеъдодли ёшларни саралаш, танлаш, йўналтириш йўлида ҳамжиҳат бўлиб ишлаш тизими йўлга қўйилмоқда.
Айни ҳолат, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Беш ташаббус олимпиадаси” аҳолини соғлом турмуш тарзига жалб этишда, бўлғуси чемпионларни тарбиялашда не чоғли аҳамиятли ҳол бўлаётганлигига ёрқин далилдир.
Шу кунларда мамлакатимизда 16-21 ёшлилар ўртасида спортнинг енгил атлетика, wоrkout, шахмат-шашка, стол тенниси, волейбол, стритбол турлари бўйича мусобақалар бўлиб ўтмоқда.
Юртимизда фаолият кўрсатаётган жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларнинг эътироф этишларича, “Беш ташаббус олимпиадаси” юзлаб истеъдодларни кашф этилишига хизмат қилади. Қолаверса, минг-минглаб ёшлар оммавий спорт билан ошно тутинади.
Бу эса, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга, терма жамоаларнинг заҳира таркиби иқтидорли ёшлар билан бойишига замин бўлади. Энг муҳими, бу, соҳа мутахассисларининг иш кўникмаси ва тажрибаси янада ошишини таъминлайди.
Аъзам МАҲМУДОВ,
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети
Педагогика ва психология кафедраси мудири.
ЎзА