"Беш ташаббус олимпиадаси" ғолиблари тақдирланди
Самарқанд шаҳридаги “Афросиёб арена” спорт мажмуасида “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг иккинчи мавсуми доирасида енгил атлетика бўйича баҳсларнинг республика босқичи якунланди.
Икки кун давом этган мусобақа натижасига кўра, 16-21 ёш тоифасида хотин-қизлар ўртасида Самарқанд вилояти Пахтачи тумани Боғолони маҳалласи жамоаси ғолибликни қўлга киритган бўлса, йигитлар ўртасидаги баҳсда Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани Чоршанба маҳалласи ёшларига тенг келадигани топилмади.

22-26 ёш тоифасидаги беллашувларда ҳам қашқадарёлик хотин-қизлар биринчи бўлди. Йигитлар баҳсида эса ғолиблик хоразмлик ёшларга насиб этди.
27-30 ёшлилар ўртасидаги баҳсда навоийлик хотин-қизлар, эркаклар беллашувида андижонлик ёшлар жамоаси ғолиб бўлди.
Мусобақа ғолибларига ташкилотчилар томонидан диплом, медаль ва эсдалик совғалари топширилди.


Ғ.Ҳасанов,
А.Исроилов (сурат), ЎзА