“Беш ташаббус олимпиадаси” ғолиблари тақдирланди
Андижонда “Беш ташаббус олимпиадаси” иккинчи мавсуми доирасида “Заковат” интеллектуал ўйини ҳамда “Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танловининг вилоят босқичлари бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, яъни маҳаллаларда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, миллий спорт ўйинлари ва спорт турларини ёшлар ўртасида оммалаштириш, ёшлар фестиваллари ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш, ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, истеъдоди ва ташаббусларини рағбатлантириш ҳамда ҳаётда ўз ўрнини топишларига кўмаклашиш мақсадида маҳалла ёшларидан тузилган жамоалар ўртасида спорт мусобақалари, шунингдек, “Заковат”, “Ёш китобхон”, “Мунозара” интеллектуал ўйинлари, “Қувноқлар ва зукколар”, “Мушоира” кўрик-танловлари ўтказилиши белгиланган.
– Вилоятда “Заковат” ўйинининг туман, шаҳар босқичлари юқори кўтаринкилик билан ўтказилди, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги Андижон вилояти бошқармаси бўлим бошлиғи Назира Убайдуллаева. – Уларда вилоятдаги 887 та маҳалла жамоаси иштирок этиб, ўзининг билим ва интеллектуал салоҳиятини синовдан ўтказди.
[gallery-9762]
Андижон шаҳридаги “Ёшлар маркази” да ўтказилган “Заковат” интеллектуал ўйинининг вилоят босқичида туман ва шаҳарларда ғолиб бўлган 16 та маҳалла жамоаси иштирок этиб, ғолиблик учун баҳслашди.
Интеллектуал ўйин вилоят босқичининг якуний натижаларига кўра, Пахтаобод туманидаги Юқори маҳалласи жамоаси 1- ўринни қўлга киритиб, танловнинг минтақавий босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Иккинчи ўрин Асака туманидаги Занкан, учинчи ўрин эса Избоскан туманидаги Юқори ҳосил маҳалласи жамоаларига насиб этди.
Шунингдек, “Беш ташаббус олимпиадаси” иккинчи мавсуми доирасида ўтказилган “Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танловининг вилояти босқичи ҳам қизиқарли баҳсларга бой бўлди.
Туман, шаҳар босқичларида ғолиб бўлган жамоалар иштирокидаги танловнинг вилоят босқичи якуний натижаларига кўра, Асака туманидаги Занкан маҳалласининг “Занканлик ёшлар” жамоаси 1- ўринга сазовор бўлди.
Танловда иккинчи ўринни Андижон туманидаги Чавкан дарё маҳалласининг “Янги андижонликлар” жамоаси, учинчи ўринни Жалақудуқ туманидаги Қаламбек маҳалласининг “Коррупция” жамоаси эгаллади.
“Заковат” интеллектуал ўйини ҳамда “Қувноқлар ва зукколар” танлови вилоят босқичи ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),ЎзА