Халқ таълими вазирлиги томонидан 2021 йилда ўқувчи ёшлар билан ишлашни самарали ташкил этишда 5 та муҳим ташаббусни амалга ошириш бўйича ўтказилган кўрик-танлов, фестиваль ва спорт мусобақаларида 4 минг нафардан зиёд бухоролик ўқувчи қатнашди.
Тадбирларда фаол иштирок этган 210 нафар ўқувчи ғолиблар қаторидан жой олди. Бухоро шаҳридаги “Ёшлар маркази”да ғолибларни тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Дилфуза Мустафоева ғолибларни табриклар экан, ёшларни яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, янада юксак марраларни забт этишга чорлади.
Тантанали тадбирда жами 24 та мактаб, 210 нафар ўқувчи, 24 нафар директор ва 24 нафар ўқитувчиларга вазирлик томонидан 1 миллиард сўмлик робототехника, мусиқа ва спорт жиҳозлари топширилди.
Вобкент туманидаги 6-ИДУМИнинг 7-синф ўқувчиси Шаҳзод Эркинов Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирлигининг илмий-оммабоп нашри – “XXI аср технологиялари” журнали томонидан эълон қилинган “Рақамли технологиялар ёшлар нигоҳида” танловида иштирок этиб, ғолиб бўлди.
[gallery-4846]
–Илк мактаб ёшимданоқ ихтирочилик йўналишига қизиққанман, –дейди Шаҳзод. – Айни пайтга қадар 10 га яқин лойиҳаларни яратдим. Менинг “Лампали соат”, “Аналог соат”, “LED маска” ҳамда “Антиқа рюкзак” сингари ихтироларим вилоят ҳамда республика танловларида алоҳида эътирофга сазовор бўлди.
–Шаҳзод “Рақамли технологиялар ёшлар нигоҳида” танловида “Робот репетитор” билан иштирок этди, – дейди устози Вобкент туманидаги 6-ИДУМнинг физика фани ўқитувчиси Гулноз Турсунова. – Бу робот мактаб ёшигача бўлган болалар учун мўлжалланган бўлиб, уларнинг саволларига жавоб беради. Келажакда бу каби лойиҳаларни янада такомиллаштириб, одамларга, жамиятга нафи тегадиган ихтиролар яратишни мақсад қилган.
Тадбир жараёнида иқтидорли ўқувчилар томонидан 5 та ташаббус доирасида кўргазма ташкил этилди. Санъат, маданият ва ахборот технологиялари йўналишидаги ҳар бири ўзига хос бўлган ижодий ишлар намойиши меҳмонлар ва кузатувчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Ўқувчи-ёшлар иштирокидаги чиқишлар, улар ижро этган куй-қўшиқлар ва рақслар тадбирга янада кўтаринкилик ва байрамона руҳ бағишлади.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА