Андижон шаҳрида Халқ таълими вазирлиги томонидан “Беш муҳим ташаббус” доирасида ўтказилган кўрик-танловларда ғолибликни қўлга киритган ёшлар тақдирланди.
Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 муҳим ташаббус ижроси доирасида Халқ таълими вазирлиги томонидан ўқувчи ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, турли йўналишлар бўйича иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқариш, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш мақсадида кўрик-танлов, фестиваль ва спорт мусобақалари ўтказилганлиги ёшлар билан ишлашни янада юқори босқичга кўтарди.
– Ўтказилган танлов, фестиваль ва спорт мусобақаларида минглаб ўқувчиларимиз фаол иштирок этди, – дейди Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Гулҳаё Омонова. – Ана шу тадбирлар, шубҳасиз, ўқувчиларимизнинг янада фаол бўлишига, иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқаришига ёрдам берди.
[gallery-9933]
“Беш ташаббус – Андижонда” шиори остида ўтказилган тақдирлаш маросимида “Бешта ташаббус – санъат билан”, “Беш ташаббус – спорт билан” ҳамда “Беш ташаббус ахборот-технологиялари билан” йўналишларидаги танловлар ғолиби бўлган андижонлик ўқувчи ва ўқитувчиларга Халқ таълими вазирлигининг 500 миллион сўмлик спорт жиҳозлари, робототехник конструкторлар ва мусиқий асбоблар жамланмалари топширилди.
– Мен “Бешта ташаббус – санъат билан” йўналишида ўтказилган фестивалда иштирок этиб, миллий чолғулар ижрочилиги бўйича ғолиблар қаторидан ўрин олдим, – дейди Андижон туманидаги 47- умумтаълим мактаби ўқувчиси Мухлиса Ёрқинбоева. – Ғолиб бўлганлигим учун мактабимизга мусиқа асбоблари жамланмаси берилганлиги нафақат мени, балки барча мактабдошларимни беҳад қувонтирди. Бундай эътибор ва рағбатга муносиб бўлишга, келажакда юртимиз равнақига хизмат қиладиган, ўзим танлаган соҳанинг малакали мутахассиси бўлиб етишишга ҳаракат қиламан.
Тадбир доирасида ўқувчиларнинг мусаввирлик, қўл санъати, ахборот-технологияларига оид ижодий ишлари кўргазмалари намойиш этилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА