Беш дзюдочимиз медаллар учун беллашади
Грузиянинг Тбилиси шаҳрида дзюдо бўйича ўтаётган "Катта дубулға" туркумига кирувчи халқаро турнир вакилларимиз учун омадли ўтмоқда.
Мусобақанинг биринчи кунги баҳсларида вазн 66 килограммгача бўлган полвонимиз Сардор Нуриллаев финал баҳсида грузиялик Важа Маргелашвилини 20 сонияда мағлубиятга учратиб, олтин медалга сазовор бўлган бўлса, 60 килограммгача вазнда финалга қадар муваффақиятли иштирок этган Кемран Нуриллаев терма жамоамизга кумуш медални тақдим этди.
Ака-ука Нуриллаевларнинг ушбу муваффақияти Ўзбекистон терма жамоасини умумжамоа ҳисобида ҳозирча иккинчи ўринга олиб чиқди.
Бугун мусобақанинг иккинчи кунги беллашувларига старт берилади. Унда эркаклар -73, -81 кг, аёллар эса -63 ва -70 кг вазн тоифаларида татамига чиқади. Ушбу баҳсларда 5 нафар дзюдочимиз ўз маҳоратини синовдан ўтказади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА